10-11 октябрь кунлари рақобат соҳаси бўйича ўтказилаётган халқаро конференция доирасида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳалилилло Турахужаев Туркия Рақобат органи вице-президенти Женгиз Чолак бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида томонлар рақамли платформаларни рақобат қонунчилигига мувофиқ тартибга солиш масалалари бўйича фикр алмашишди. Шунингдек, Туркия ва Ўзбекистон рақобат органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, амалиётда ўзаро тажриба алмашиш ва келгусида қўшма семинар ҳамда тренингларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Қўмита раиси Ҳ.Турахужаев туркиялик ҳамкорларга кўрсатилган амалий ёрдам ва тажриба учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама муносабатлар рақобат сиёсати соҳасида янги имкониятлар эшигини очишини таъкидлади.
Ушбу тадбирлар доирасида айни кунларда Қўмита ходимлари учун Туркия Рақобат органи экспертлари иштирокида ўқув семинарлари ўтказиш кўзда тутилган.