Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 26 октябрь куни энергетика бозори регулятори фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Мамлакатимиз энергетика соҳаси босқичма-босқич ислоҳ қилиб келинмоқда. Биринчи босқичда бошқарув тизими ўзгартирилди. Сўнгги йилларда 22 та электр станцияси, жумладан, илгари генерация бўлмаган вилоятларда янги станциялар ишга туширилди. Электр генерацияси тизимига илк бор хусусий капитал жалб қилинмоқда.
Ҳозирги кунда жами қувватлар 85 миллиард киловатт соатга етган. Келгуси йилларда яна 20 гигаваттлик қувватларни ишга тушириш мўлжалланган. Етти миллиард доллар хусусий сармоя эвазига 9 гигаватт қувват яратиш режалаштирилган.
Жадал ривожланаётган иқтисодиётимиз ва аҳолининг ўсиб бораётган талабини қондириш учун электр ишлаб чиқариш ҳажмини камида 120 миллиард киловатт соатга етказиш мақсад қилинган. Янги қувватларни ишга тушириш ва тармоқларни тўлиқ модернизациялашга 52 миллиард доллар инвестиция зарурлиги ҳисоб-китоб қилинган.
Бундай катта ҳажмдаги инвестицияларни хусусий сектор иштирокисиз шакллантириб бўлмайди. Соҳанинг хусусий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш учун эса, халқаро тажриба кўрсатганидек, энг аввало, очиқ рақобат муҳитига эга энергетика бозорини яратиш керак.
Айни шу мақсадлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 28 сентябрдаги “Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган.
Унга кўра, 2026 йилга бориб, электр энергияси талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин, улгуржи бозор ишга тушади. Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, бозор инфратузилмасини яратиш, энергетика тизимини энг қуйи бўғинига қадар рақамлаштириш, инсон омилисиз реал вақтда ишлайдиган ақлли бошқарув тизимини (SCADA) жорий этиш зарур.
Кўплаб давлатларда бу ислоҳотлар учун 15 йил вақт кетган. Мамлакатимизда буни уч босқичда, 2030 йилгача якунлаш режалаштирилган.
Шу боис, фармонга мувофиқ, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги тузилди ҳамда унга энергорегулятор вазифаси юклатилди.
Тақдимотда энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов фармонда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш муддатлари ва соҳадаги режалар ҳақида ахборот берди.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга республикани электр билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Бунда, эркин энергетика бозорига ўтишнинг асосий шарти мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талабни тўлиқ таъминлаш учун етарли генерация қувватларини яратиш экани алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, ягона электр савдоси платформасини яратиш ва 2024 йил якунига қадар уни синовдан ўтказиб, ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Президентимиз энергетика бозорини эркинлаштириш жараёнида электр энергиясини аҳолига республиканинг барча ҳудудларида 2035 йилга қадар бир хил нархда сотилиши талабига ҳамда тарифларни белгилашда ижтимоий ҳимоя принципига қатъий риоя этиш шартлигини таъкидлади.
Янги тизим самарали ишлаши учун учта йўналиш – кадрлар тайёрлаш, тармоқнинг илм-фан билан узвийлигини таъминлаш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бундай комплекс ишлаш тартибини марказдан тортиб ҳудудларгача татбиқ этиш топширилди.
Шу боис агентликка билимли мутахассис ва хорижий консультантлар ишга олинади. Ходимлар Испания, Хитой, Туркия ва Германияга малака оширишга юборилади. Хорижий тажриба асосида юртимизда ҳам муҳандис, диспетчер, SCADA оператори ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил қилинади.
Тақдимотда кўриб чиқилган масалалар юзасидан соҳа масъулларига қатор топшириқлар берилди.