Президент Шавкат Мирзиёев 5 март куни Тошкент шаҳрида барпо этилган Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини бориб кўрди.
Олимпиада ва Осиё ўйинлари ғолиби, икки карра жаҳон ва уч карра Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов Ўзбекистон спортининг байроқдори ҳисобланади. У кейинги йилларда профессионал боксда ҳам муваффақиятли қатнашиб келмоқда.
Юртимизда бундай чемпионлар фаолиятини тарғиб қилиш, уларнинг намунасида ёш спортчиларни тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 мартдаги қарорига мувофиқ, шундай яна бир маскан – Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби ташкил этилди.
Бу ерда халқаро даражадаги боксчиларни тайёрлаш, бунинг учун юқори малакали мураббий ва мутахассисларни жалб этиш, ўқув-машғулотларни халқаро стандартлар даражасида ташкил қилиш ҳамда илғор тажрибалар асосида унинг сифатини ошириб бориш йўлга қўйилмоқда.
Тўрт қаватли замонавий бинода бунинг учун барча шароит яратилган. Биринчи қаватда асосий спорт зали, сузиш ҳавзаси, тиббиёт хонаси ва ошхона бор. Иккинчи қаватда психология, хорижий тиллар, назарий машғулотлар, информатика ва ўқитувчилар хоналари, шунингдек, 45 ўринли меҳмонхона жойлашган. Учинчи ва тўртинчи қаватларда 235 ўринли ётоқхона, маънавият хонаси ташкил этилган. Шунингдек, бино ертўласида автотураргоҳ қурилган.
Бокс мактаби 175 ўринга мўлжалланган бўлиб, 5-11-синфларга ҳар йили 25 нафардан ўқувчи саралаб олинади. Илк иқтидорлар 2022 йилги ўқув йилида қабул қилинган ва бугунги кунда 50 нафар ўқувчи сабоқ олмоқда. Улар бутун мамлакатимиздан келган талабгорлар орасидан саралаб олинган.
Бу маскан Юнусобод туманидаги 259-умумтаълим мактаби билан ёнма-ён жойлашган. Ёш боксчилар умумтаълим фанларини шу ерда ўқишади.
Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби ўқувчилари 2023 йилда халқаро ва республика мусобақаларида 26 та олтин, 18 та кумуш, 15 та бронза медални қўлга киритган. Бу йил ҳам қатор турнирларда иштирок этиш режалаштирилган.
Мактаб бутун мамлакатимиз ёш боксчилари учун ўқув-машғулот базаси бўлади. Ёш истиқболли боксчиларни танлаш ва тарбиялаш бўйича бошқа спорт мактаблари ва марказлари билан ҳамкорлик қилиб боради.
Шу боис мактабда ёш спортчилар, соҳа мутасаддилари билан мулоқот бўлди. Мулоқотга видеоалоқа орқали ҳудудлар ҳам уланди.
– Биз бу йилни Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилдик. Ҳар доим ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, ёшларга керакли шароитларни яратаяпмиз. Уларнинг салоҳияти, интилиши кучли. Бокс бўйича дунёда етакчилар қаторидамиз. Бу салоҳиятни, иқтидорли ёшларимизни ривожлантириш мақсадида шу мактабни ташкил этдик. Энди Баҳодир Жалолов мактаби ўз йўналишида худди Президент мактабидек намунавий тизим бўлади. Бокс методологияси, диетологияси, тиббиёти, психологияси ҳудудлардаги спорт мактабларида ҳам ривожлантирилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Вилоят ҳокимларига спорт федерациялари билан ҳамкорликни яхшилаш, ҳудудларда уларнинг ишига кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ёшлар ўртасида спортни янада оммалаштириш, хусусан, уларни боксга жалб этиш, бунинг учун мактаб ва тўгаракларда шароитларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.