Бандихонда йирик ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти ўрганилди
Бандихон туманида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳалилилло Турахужаев Бандихон туманига ташриф буюриб, ҳудуд иқтисодиётида муҳим ўрин тутаётган “Khilal-Vortex” МЧЖ томонидан ташкил этилган ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.
Мазкур корхонада сунъий ва пахта толаси аралашмасидан юқори сифатли ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳа нафақат ички бозорни таъминлаш, балки экспорт ҳажмини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Корхона йилига Бандихон ва Музработ туманларида етиштирилган 20 минг тонна пахтани қайта ишлаб, тайёр ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида 300 нафар ишсиз аёл ва ёшлар доимий иш ўрни билан таъминланди.
Ташриф давомида корхонада яратилган меҳнат шароитлари, замонавий ускуналар асосидаги ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам атрофлича кўздан кечирилди.
Ўрганиш давомида Рақобат қўмитаси томонидан
пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
юқори ликвидли ва (ёки) монополь турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш амалиётини назорат қилиш;
биржа савдоларида нархларнинг сунъий оширилишининг олдини олиш;
тадбиркорлар ва кластер субъектларига очиқ ва шаффоф савдо механизмларини жорий этишда пахта-тўқимачилик кластерларининг мажбуриятлари тушунтирилди.
Мазкур ташриф ҳам ҳудудда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга, эркин ва адолатли рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.








