Қўмита делегацияси Германия тажрибасини ўрганмоқда
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси делегацияси 4–10 октябрь кунлари Германия пойтахти Берлинда бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат сиёсати соҳасидаги Германия тажрибасини ўрганмоқда.
Ташриф доирасида Германиянинг Федерал юстиция ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазирлиги, Федерал иқтисодиёт ва энергетика вазирлиги, Германия чакана савдо уюшмаси (HDE) ҳамда ConPolicy истеъмолчилар сиёсати институти билан учрашувлар ўтказилди. Уларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақобат сиёсати ҳамда савдода нарх ва рекламанинг шаффофлигини таъминлаш масалалари ўрганилди.
Жумладан, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида ўтказилган давра суҳбатида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, Германия тажрибасини ўрганиш ва икки мамлакатнинг ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Молиявий хизматлар ва рақамли бозорларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш ва ортиқча қарздорликнинг олдини олиш бўйича Германия тажрибасини ўрганиш давом этмоқда.








