ГАЗ, ЭЛЕКТР ВА СУВ ТАЪМИНОТИДА АСОССИЗ УНДИРИЛГАН МАБЛАҒЛАР ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА ҚАЙТАРИЛДИ
✈️ Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан коммунал хизматлар соҳасида ўтказилган ўрганишлар натижасида бир қатор вилоятларда асоссиз тўлов ва сифатсиз хизмат ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
📍 Жиззах вилояти
Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Жиззах ҳудудий филиали томонидан маиший истеъмолчиларга қўлланилган қоида бузарлик далолатномаларининг қонун талаблари асосида тузилганлигини ўрганди.
Арнасой, Бахмал, Шароф Рашидов ва Жиззах шаҳар электр таъминоти корхоналари томонидан 8 та ҳолатда далолатнома расмийлаштиришда қонунчилик талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланиб, далолатномалар бекор қилинишига эришилди ва 5,4 млн сўм маблағ тўлиқ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шунингдек, аҳолига тоза ичимлик суви етказиб берилиши юзасидан ҳам ўрганиш ўтказилди. Натижада «Жиззах Сув таъминоти» АЖнинг Ғаллаорол тумани филиали томонидан «Бахт» ва «Самарқанд» МФЙларидаги 10 та нуқтада сувнинг умумий қаттиқлиги белгиланган 7 (10) мг-экв/дм³ меъёр ўрнига 13,5 гача етгани, яъни истеъмолчиларга сифатсиз ичимлик суви етказиб берилгани аниқланди.
2026 йил 17 апрелдан 5 майгача етказиб берилган 1238 м³ сув учун ҳисобланган 4,9 млн сўм маблағ 276 нафар истеъмолчи фойдасига тўлиқ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
📍 Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар, Зиёлилар МФЙдан фуқаро Ф.Ражабова “Call markaz” орқали мурожаат қилиб, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали томонидан хонадонига 1,3 млн сўм асоссиз қарздорлик ҳисобланганини маълум қилди.
Ҳудудий бошқарма ходимлари томонидан ўрганиш ўтказилиб, асоссиз ҳисобланган қарздорлик фуқарога қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
📍 Фарғона вилояти
Рақобат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан бошқармага келиб тушган мурожаатларга асосан “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиалининг туман-шаҳар бўлимлари томонидан истеъмолчиларга суюлтирилган углеводород газини ўз вақтида етказиб берилишида “Рақобат тўғрисида” ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонуности ҳужжатлар талабларига риоя этилганлиги юзасидан текшириш ўтказилди.
Текширув натижасида филиалнинг туман-шаҳар газ бўлимлари томонидан ажратилган суюлтирилган углеводород газини истеъмолчиларга тенг миқдорда тақсимламасдан, шартнома талабларини бузган ҳолда, режа-жадвалларига амал қилинмаганлиги аниқланди. Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва унинг филиалига молиявий жарима белгиланиб, қонунбузилиш ҳолатини тўхтатиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
📍 Наманган вилояти
Бошқарма томонидан “Наманган сув таъминоти” АЖ фаолияти ўрганилди. Текшириш давомида ичимлик ва оқава сув нархларини (тарифларини) шакллантиришда хом ашё материаллари бўйича белгиланган меъёрларга амал қилинмагани сабабли 252,7 млн сўм, шунингдек нархда ҳисобга олинган, аммо ҳақиқатда амалга оширилмаган харажатлар ҳисобига 1,18 млрд сўм — жами 1,4 млрд сўмдан зиёд миқдорида асоссиз даромад олингани аниқланди. Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, “Наманган сув таъминоти” АЖга нисбатан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
📍 Сирдарё вилояти
Президентнинг 2020 йил 25 сентябрдаги ПФ-6074-сон Фармонига мувофиқ ичимлик суви сифатини назорат қилиш доирасида Оқолтин туманида ўрганиш ишлари олиб борилди. Олинган намуналар текширувида туманнинг 2 та маҳалласида жами 537 нафар истеъмолчига сифатсиз ичимлик суви етказиб берилиб, 6,2 млн сўмга яқин асоссиз маблағ олингани аниқланди. Мазкур ҳолатлар “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4, 12, 19–20-моддалари талаблари бузилишига сабаб бўлган.
“Сирдарё сув таъминоти” АЖга нисбатан иш қўзғатилиб, 537 нафар истеъмолчи билан 6,2 млн сўмга яқин маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
🛡 Рақобат қўмитаси ўрганишларни давом эттиради.








