106 га яқин реклама материаллари эскизларидаги камчиликлар бартараф этилиб, уларга тегишли хулосалар берилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 702-сонли қарорида Рақобат қўмитаси ҳузуридаги «Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази» давлат муассасасига реклама бозори субъектларини олдиндан огоҳлантиришни таъминлаш ва профилактика самарадорлигини ошириш вазифалари белгиланган.
Мазкур ваколатлар доирасида Марказ томонидан шартнома асосида тақдим этилган реклама материалларининг ғояси, мавзуси ва эскизлари реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқилиб, тегишли хулосалар бериб борилмоқда.
🔘Хусусан, 2026 йил август ойига қадар Марказга 106 га яқин реклама материаллари эскизларини кўриб чиқиш бўйича мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 55 га яқини тижорат банклари томонидан тақдим этилган.
🔘Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддаси талабларида молиявий хизматлар кўрсатиш учун шартномаларнинг муҳим шартларини очиб бериши кераклиги белгилаб берилган.
Бироқ мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида тижорат банклари томонидан тақдим этилган реклама эскизларида шартноманинг муҳим шартлари очиб берилмагани аниқланди. Яъни кредит, омонат хизматлари, уларнинг муддати, тўлиқ фоиз ставкаси, суммалари ва бошқа муҳим шартлари ҳақида маълумот берилмаган. Реклама ахборотларида бу шартларни кўрсатилмай тарқатилиши истеъмолчини хизмат турларидан фойдаланганда чалғишига ёки ҳуқуқларини бузилишига ҳам олиб келиши мумкин.
Бундай муҳим маълумотларнинг рекламада тўлиқ акс эттирилмаслиги истеъмолчида молиявий хизмат шартлари ҳақида нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган тасаввур шаклланишига, шунингдек, хизматни танлашда чалғишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу муносабат билан Марказ томонидан мурожаат қилган тижорат банкларига реклама тўғрисидаги қонунчилик талаблари юзасидан тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Натижада реклама материаллари эскизларида аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, уларнинг амалдаги реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилиши юзасидан тегишли хулосалар берилди.








