Рақобат қўмитаси хатловида 127 та ун ишлаб чиқарувчи корхона талабларга мос эмаслиги аниқланиб, назоратни кучайтириш бўйича тегишли инстанцияларга таклифлар киритилди
Рақобат қўмитаси томонидан топшириққа мувофиқ биржа савдоларида талаб юқори бўлган маҳсулотлар, хусусан буғдой ва ун маҳсулотининг биржа орқали савдога қўйилиши, реализация қилиниши ҳамда нархлар шаклланишига таъсир этувчи омиллар доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Қўмита Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси билан ҳамкорликда Жамғарма томонидан биржа савдолари орқали сотилган буғдойни харид қилган ун ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қайта хатловдан ўтказди.
Ўрганишлар давомида корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари, донни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари, омбор ва сақлаш қувватлари, шунингдек, мувофиқлик сертификати ҳамда санитария-эпидемиологик хулосанинг мавжудлиги каби кўрсаткичлар ўрганилди.
Хатлов натижаларига кўра, республикада ун ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 301 та тадбиркорлик субъекти мавжудлиги аниқланди.
Шундан,
🔘49 таси ўз ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлмасдан давал шартномалари асосида фаолият юритиши,
🔘22 таси вақтинча ишламаётгани,
🔘6 тасининг фаолияти тўхтатилгани,
🔘42 тасида мувофиқлик сертификати ва
🔘8 тасида санитария-эпидемиологик хулоса мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан Жамғарма буғдойини харид қилган корхоналар томонидан ундан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш ҳамда мазкур соҳадаги тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тегишли инстанцияларга киритилди.








