Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 520-сон қарорига кўра устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат акциялари пакети (улуши) хусусийлаштирилиши режалаштирилаётган объект фаолияти соҳасида рақобат етарлича ривожланганлиги юзасидан хулоса бериш Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Хулоса хусусийлаштирилиши режалаштирилаётган объектлар фаолияти соҳасида рақобат етарлича ривожланганлигидан келиб чиқиб берилади.
Шу билан бирга, давлат муассасалари фаолияти соҳасида қуйидаги йўналишларда таклифлар ишлаб чиқилади:
⏺️давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мос бўлмаган давлат муассасаларини хусусийлаштириш ёки тугатиш;
⏺️давлат муассасалари фаолияти соҳасида рақобат етарлича ривожланганлигидан келиб чиқиб, уларни хусусийлаштириш, тугатиш ёки сақлаб қолиш.
Янги тартибга кўра, хусусийлаштирилиши режалаштирилаётган объектлар рўйхати Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан монополияга қарши органга ҳар йили 1 сентябрга қадар тақдим этилади. Монополияга қарши орган тегишли таҳлилларни ўтказгандан сўнг 1 декабрга қадар якуний хулоса беради.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳар йиллик давлат мулкини хусусийлаштириш дастурларини шакллантиришда монополияга қарши органнинг хулосасини инобатга олади. Хулоса ва таклиф бериш жараёни ахборот тизимлари орқали электрон, интеграциялашган ҳолда амалга оширилади.








