Рақобат қўмитаси сўрови билан Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигининг бошланғич нархи 587,2 млн. сўмлик тендер савдоси бекор қилинди
Ижтимоий тармоқлар орқали “Бир манзил, бир телефон — битта тендер” – деб номланган танқидий мақола юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги буюртмачилигида 2026 йил 27 июль куни марказлашган тадбирларни ўтказиб бериш хизмати бўйича бошланғич нархи 587,2 млн. сўм бўлган танлаш савдосида “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Олиб борилган ўрганиш натижасида, Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаганлиги, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланди.
Юқоридагиларга мувофиқ, Рақобат қўмитасининг қонунчилик талабларига амал қилиш юзасидан юборган сўровига асосан Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги томонидан ўтказилган танлаш савдоси белгиланган тартибда бекор қилинди.
Аниқланган қонунбузилишларнинг олди олиниши давлат маблағларининг самарали ва шаффоф сарфланишини таъминлайди, шу билан бирга тадбиркорлар учун очиқ ва адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.








