Рақобат қўмитасига суғурта хизматлари соҳасида келиб тушган мурожаатларда асосан суғурта тўловларининг ўз вақтида амалга оширилмаслиги, фойдаланилмаган суғурта мукофотларининг қайтарилмаслиги, шунингдек, банклар томонидан кредит ажратишда муайян суғурта ташкилотини танлашга мажбурлаш ҳолатлари билдирилган.
Қўмита томонидан мурожаатлар қонунчилик талаблари асосида атрофлича ўрганилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва фуқаролар ҳуқуқларини тиклаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Ҳудудлар кесимида ўрганилган мурожаатлар:
🔘Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Кўкдала тумани фуқароси М.Б. “Inpex Insurance” суғурта компанияси фаолиятидан норозилик билдириб мурожаат қилган. Ўрганишлар натижасида, бахтсиз ҳодиса оқибатида автомашинага етказилган зарар учун компания томонидан фуқарога 9 200 000 сўм суғурта пули тўлаб берилиши таъминланди.
🔘Қорақалпоғистон Республикаси
Қўмитага “Абдулла Хожанияз” ОК томонидан “Агробанк” АТБ Тўрткўл филиалидан кредит олишда фақат “MY INSURANCE” АЖ билан суғурта шартномаси тузиш мажбурий этиб белгилангани, бошқа суғурта ташкилотини танлаш имкони йўқлиги бўйича мурожаат келиб тушган.
Ўрганиш жараёнида “Агробанк” АТБ Тўрткўл филиали сўралган маълумотларни тўлиқ тақдим этмагани аниқланган. Натижада банк томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддаси бузилган деб топилиб, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилган.
Шунингдек, ахборотни тақдим этмаганлик сабабли Қонуннинг 42-моддасига мувофиқ, мазкур АТБ га нисбатан молиявий жарима қўлланилган.
🔘Навоий вилояти
Ҳудудий бошқармага Кармана туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.С. “Oʻzmilliybank” АЖ Навоий вилоят филиалидан кредит олиб, “Alfa invest” АЖ билан суғурта шартномаси тузган ва 1,7 млн сўм тўлов қилган. Кредит муддатидан олдин тўлангани сабабли суғурта тўловининг фойдаланилмаган қисмини қайтариш бўйича мурожаати ўрганилди.
Натижада фойдаланилмаган қисм учун 1,22 млн сўм аниқланиб, мазкур маблағлар “Alfa invest” АЖ томонидан фуқаро Ж.С.га тўлиқ қайтариб берилди таъминланди.
🔘Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро О.И. “MY INSURANCE” АЖ фаолиятидан норози билдириб қолдирган мурожаатида “Асака банк” АЖдан олган 60 млн сўмлик микроқарзини 3 млн сўмга суғурта қилдиргани, кредитни муддатидан олдин ёпганига қарамасдан суғурта мукофоти қайтарилмаганлигини билдирган.
Ўрганиш натижасида мазкур АЖ томонидан 2,1 млн сўм миқдоридаги фойдаланилмаган суғурта мукофоти фуқаронинг банк картасига тўлаб берилиши таъминланди.
🔘Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқармага Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Қ. иш жойида расман суғурта қилинган бўлишига қарамасдан, ишлаб чиқаришда олган жароҳати учун “Apeks” суғурта компанияси томонидан тўлов амалга оширилмаганидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўрганиш натижасида суғурта ҳодисаси мавжудлиги тасдиқланиб, “Apeks” суғурта компанияси томонидан фуқаро Қ.Қ.га 1 млн сўм суғурта бадали тўлаб берилиши таъминланди.
🔘Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма фуқаро Ф. Жумаев томонидан “Murojaat.gov.uz” (https://t.me/RaqobatGovUz) орқали банк кредити муддатидан олдин тўланганига қарамасдан, “Global Insurans Group” АЖ суғурта шартномасини бекор қилмай, фойдаланилмаган суғурта мукофотини қайтармаётгани ҳақидаги мурожаатини ўрганиб чиқди.
Натижада қонунчиликка мувофиқ суғурта шартномаси муддатидан аввал бекор қилиниб, фойдаланилмаган суғурта мукофоти фуқарога қайтарилиши таъминланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига асосан сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.








