«IMEI» КОДЛАРИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ВА ТАДБИРКОРЛАР МАСЪУЛИЯТИ ЮЗАСИДАН ОГОҲЛАНТИРИШ
Рақобат қўмитаси томонидан мобил қурилмалар «IMEI» кодлари тизимда рўйхатдан ўтмагани ва хариддан сўнг қайта рўйхатдан ўтказиш зарурати юзага келаётгани билан боғлиқ мурожаатлар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, жумладан тизим операторлари жалб этилган ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди.
📄 Мазкур масала бўйича истеъмолчилар томонидан Рақобат қўмитаси ва қўмитанинг ҳудудий бошқармаларига 2025 йил давомида 147 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мазкур мурожаатларнинг 55 таси ижобий ҳал қилинган, 89 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Қолган 3 таси тегишлилиги бўйича ваколатли органларга юборилган.
🔍 Ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
• 6-моддасига асосан, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт;
• 11-моддасида ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шарт.
📌 Вазирлар Маҳкамасининг 778-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркорлик субъектлари жавобгар ҳисобланади. Низомга кўра, барча «IMEI» кодларини рўйхатдан ўтказиш мажбурияти ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ёки сотувчи зиммасига юклатилади.
📃 Шунингдек, Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонунга мувофиқ, истеъмолчи товарни эркин танлаш ва сифатини талаб қилиш ҳуқуқига эга, сотувчи эса қўшимча хизматларни мажбуран юклай олмайди. «IMEI» кодларини рўйхатдан ўтказиш мажбурияти истеъмолчига эмас, балки импорт қилувчи ёки ишлаб чиқарувчига юклатилади. Чакана савдода эса рўйхатдан ўтказилган қурилмани тақдим этиш масъулияти сотувчи зиммасида бўлади.
Юқоридагиларга кўра, Қўмита қуйидагиларни эслатиб ўтади, республикамиз ҳудудида мобил қурилмаларни ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилиб сотувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан «IMEI» кодларини рўйхатдан ўтказиш талабларига риоя этилмаган ва истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган тақдирда, белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилади.








