Рақобат қўмитасига келиб тушаётган мурожаатлар сони истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи долзарблигини кўрсатмоқда
Сўнгги йилларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид мурожаатлар сони сезиларли даражада ортиб бормоқда. Хусусан, Рақобат қўмитасига 2023 йил 19 мингга яқин, 2024 йилда 28 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилга келиб қарийб 53.5 мингга етгани кузатилмоқда.
Ушбу мурожаатлар ошиш тенденцияси, бир томондан, истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган фаоллиги ошиб бораётганини кўрсатса, иккинчи томондан, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалдаги қонунчилик талабларига етарлича амал қилинмасдан товар ва иш хизматлари кўрсатилаётганлиги ва соҳада мавжуд муаммолар борлигидан далолат бермоқда.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида мамлакат иқтисодиётининг негизини турли мулк шакллари ташкил этиши, давлат ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлиги таъминланиши қатъий белгиланган. Шунингдек, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий ҳимояси кафолатланиши, хусусий мулкнинг дахлсизлиги алоҳида таъкидланган.
Шу боис, Рақобат қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектларни истеъмолчилар ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашишга, маҳсулот ва хизматлар сифати ҳамда шаффоф рақобат тамойилларига риоя этган ҳолда фаолият юритишга чақиради.
Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш — соғлом рақобат ва барқарор иқтисодий ривожланишнинг муҳим шартидир.








