Рақобат қўмитаси томонидан фуқаролардан савдо, уй-жой ва чиқинди ташиш хизматлар борасида тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
Андижон вилояти
Фуқаро Д.М. “UZUM MARKET” онлайн платформаси орқали маҳсулот буюртма берган, аммо буюртма қилинган маҳсулот ўз вақтида етказиб берилмаган. Шу сабабли у ушбу ҳолат юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида фуқарога буюртма қилган маҳсулот етказиб берилиши таъминланди.
Фарғона вилояти
Фуқаро “Siberia Airlines” (S7 Airlines) орқали Россия Федерациясининг Чита шаҳрига 3 600 000 сўмга авиачипта харид қилган. Бироқ парвоз куни унинг Россия ҳудудига киришига нисбатан тақиқ мавжудлиги аниқланиб, у парвоздан фойдалана олмаган. Шу сабабли у авиачипта учун тўланган маблағни қайтариш масаласида ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида фуқарога фойдаланилмаган авиачипта учун тўланган миқдоридаги маблағ тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Жиззах вилояти
Фуқаро Ю.Ф. Technoshop дўконлар тармоғидан ўртача қиймати 1100 000 сўм бўлган чангютгични муддатли тўлов асосида 3 168 000 минг сўмга харид қилиш учун шартнома имзолаган. Бироқ маҳсулот етказиб берилмасдан, Uzum Nasiya даги лимит ҳисобидан маблағ ечиб олинганидан норози бўлиб, шартномани бекор қилиш масаласида ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида хизмат кўрсатувчи ташкилот ва фуқаро ўртасидаги шартнома бекор қилиниб, истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилди.
Наманган вилояти
Фуқаро Х.О нинг чиқинди ташиш хизматини кўрсатувчи “ORIF NURLI KELAJAK” МЧЖ томонидан кўрсатилмаган хизмати учун қарздорлик ҳисобланганлигидан норози бўлиб, амалга оширган тўловларини қайтариб олиниши юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, хизмат кўрсатувчи корхона томонидан мурожаатчига асоссиз ҳисобланган 540 400 сўм қарздорлиги қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Фуқаро Н.А. “NUKUS ALLIANCE SMR” МЧЖ билан тузилган шартномага кўра уй-жой 2025 йил 6 августда топширилиши кераклигини, давлат томонидан 25 фоиз тўлов амалга оширилганини билдирган. Бироқ уй тўлиқ битмагани ва корхона томонидан 25 000 000 сўм пул беришини билдираётганлигини ва шартнома шартларини бузаётганлигидан норози бўлиб қўмитага мурожаат қилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қўмита томонидан “NUKUS ALLIANCE SMR” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, фуқаро билан тузилган шартнома асосида 42 076 000 сўм миқдорида пеня тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинди ҳамда келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.








