Халқаро анжуман хавфсиз маҳсулот, ишончли истеъмолчи шиори остида ўтди
Маълумки, халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни 1983 йил 15 мартдан буён бутун жаҳон миқёсида, мамлакатимизда эса 1996 йил 26 апрелдан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан бери нишонлаб келинади.
Ҳар йили ушбу кун муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар Бутунжаҳон истеъмолчилар иттифоқи ташкилоти томонидан маълум бир мавзуга бағишланади. Масалан, 2023 йил 15 март куни “Тоза энергия ва маҳсулотларни истеъмол қилишга ўтиш орқали истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”, 2024 йил “Истеъмолчилар учун адолатли ва масъулиятли “Сунъий интеллект”, 2025 йилда “Барқарор турмуш тарзига адолатли ўтиш” шиори остида ўтган. 2026 йилдаги тадбирлар “Хавфсиз маҳсулотлар, ишончли истеъмолчилар” шиор орқали амалга оширилди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Герман Спаркассенстифтунг ташкилоти билан ҳамкорликда уюштирилган “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги халқаро анжуман асосий тадбирлардан бири бўлиб, соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва ташаббусларни муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони сифатида хизмат қилди. Анжуманни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Давлатов кириш сўзи билан очиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, молиявий саводхонликни юксалтириш ҳамда мазкур ёъналишда давлат органлари, хусусий сектор ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Буджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қ.Турсунов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси аъзоси Э.Аслонова, Тошкент давлат юридик университети “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси профессори Ж.Бобоев ўз маърузаларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, мурожаатлар билан ишлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтиришга эътиборни қаратишди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Элмурот Хаитметов қўмита томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берди. Унинг таъкидлашича, барча соҳаларда бўлгани каби қўмита фаолиятида ҳам замонавий халқаро тенденсиялардан фойдаланган ҳолда, соҳада сунъий интеллектни жорий қилиш, инсон омилини камайтириш, жараёнларни рақамлаштириш орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш янги босқичга олиб чиқилмоқда. Мақсад тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, истеъмолчи ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашдан иборат. Шу боис мазкур ёъналишда қонунчиликни такомиллаштириш, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларнинг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича тизимли иш ёълга қўйилган. Ўтган йили қўмитага 53 670 та мурожаат тушган бўлса, улардан 88 фоизи қаноатлантирилди. Ўрганишлар натижасида 19 mln.dan ортиқ истеъмолчи ҳуқуқи тикланди ва 116,1 млрд сўмлик маблағ истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимиз қарорлари билан янгича тизим жорий қилинмоқда. Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш соҳасида рақамли ечимларга ўтилмоқда. Электрон тизим орқали лаборатория текшируви жорий этилмоқда. 2026 йил 1 мартдан муддати ўтган маркировкаланган маҳсулотлар савдоси автоматик чекланади. Давлат ташкилоти орқали озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ягона онлайн реестр юритилади. Мурожаатлар “Истеъмолчи мурожаати” ахборот тизими орқали рўйхатга олинади ва “истеъмолчи-тадбиркор-нодавлат нотижорат ташкилотлар-давлат органлари” тамойили асосида кўриб чиқилади. Ушбу тизимнинг ишлаши учун қўмита томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат ташкилотларининг 50 нафарга яқин ходими ўқитилди. Шунингдек, айрим назорат функсияларини, хусусан “Назорат хариди” ва “Сирли харидор” тадбирларини нодавлат ташкилотлар ёрдамида амалга ошириш ёълга қўйилмоқда.
Анжуман давомида Марказий банкнинг Молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари Баҳодир Мирзаев соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиришларни маълум қилди. Хусусан, банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низом такомиллаштирилиб, кредит картаси бўйича стандарт “Ахборот варақаси” шакли амалиётга жорий этилди. Бу истеъмолчиларга кредит картаси шартлари тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумот олиш имконини берди. Шунингдек, турли тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган кредит картаси шартларини ўзаро таққослаш орқали мижозлар ўзлари учун энг мақбул вариантни танлаши мумкин бўлди. Шунингдек, кредит шартномаларига қарздорнинг ҳисобварағларида ҳар қандай давр мобайнида маълум миқдордаги камаймайдиган пул маблағи қолдиғи ёки айланмаси мавжуд бўлиши юзасидан шарт киритилиши чекланди. Мазкур талаб кредитлаш амалиётида юзага келадиган инсофсиз ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилиб, кредитнинг ҳақиқий қиймати яширилишининг олдини олади ва кредит нархининг шаффофлигини таъминлайди. Бундан ташқари, кредит таъминоти сифатида қабул қилинган гаров мулкларини кредитнинг асосий қарзи қолдиғига мутаносиб равишда босқичма-босқич гаровдан чиқариш ёки гаров предметини алмаштириш бўйича банкнинг ички тартиби бўлиши белгиланди. Ушбу тартиб доирасида мазкур жараёнларнинг барча босқичлари истеъмолчиларга ошкор қилиниши назарда тутилган. Бу талаб гаров мулки эгаларининг манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда ҳамда кредит таъминотида ортиқча бўлиб қолган мулкларни гаровдан чиқариш жараёнини тартибга солаяпти. Шу билан бирга банкнинг кредитор сифатидаги ҳуқуқлари суғурта ташкилотига суброгация тартибида ўтганда, банк уч иш куни ичида қарздор ва кафилларга бу ҳақда ёзма хабарнома юбориши шарт этиб белгиланди. Мазкур хабарномада барча зарурий маълумотлар кўрсатилиши лозим. Ушбу талаб банкнинг кредиторлик ҳуқуқлари суғурта ташкилотига ўтганлиги ҳақида қарздор ва кафилларни ўз вақтида хабардор қилишни таъминлайди ҳамда келгусида кредит қарздорлиги билан боғлиқ низолар ва ҳуқуқий ноаниқликларнинг олдини олишга хизмат қилди. Низомга киритилган бошқа ўзгартиришлар орқали банклар томонидан жисмоний шахс – қарз олувчиларга кредит мажбуриятлари билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлар ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида стандарт чеклист шакли жорий этилди. Молиявий қийинчиликлар сабабли кредит тўловларини ўз вақтида амалга ошира олмаётган мижозлар учун банкларда кредит шартномасига ўзгартириш киритиш бўйича ички тартиб мавжуд бўлиши ва бу тартиб истеъмолчиларга ошкор қилиниши белгиланди. Шунингдек, айрим инсофсиз банк амалиётларини чеклаш бўйича янги нормалар, яъни банклар мижоз аризасида кўрсатилган миқдордан ортиқ кредит олишга ундамаслиги, кредит қарздорликларини давлат томонидан ажратиладиган ижтимоий нафақалар ва ёрдам маблағлари ҳисобидан ундирмаслиги, кредит тўловларини қайтариш жадвалида белгиланган календарь санадан олдин ундириш талабини қўймаслиги белгиланди. Молиявий хизматни кўрсатиш жараёнида истеъмолчининг розилигини ифодаловчи белгиларни олдиндан ўрнатиб қўйиш ёки кредит параметрлари майдонларини олдиндан тўлдириш амалиёти чекланди. Тижорат банклари томонидан мижозларга омонатларни кафолатлаш тизими ҳақида тўлиқ ва тушунарли маълумот бериш талаби жорий этилди.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг Суғурта бозори иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Б.Бекмуратовнинг маълумот беришича, агентлик томонидан фуқаролардан тушаётган мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, 2025 йил давомида олинган 3 228 та мурожаат бўйича 23 млрд сўмдан ортиқ тўловлар истеъмолчилар ҳисобига ундирилган. Унинг эътирофича, мурожаатларни ўрганиб чиқиш жараёнида фуқаролар асосан суғурта маҳсулоти сифатига эмас, балки нархига эътибор бераётгани ва суғуртадан фақат зарурат бўлганда фойдаланаётгани кузатилмоқда. Масалан, фуқаро чет элга саёҳатга кетмоқчи ва бунинг учун унга соғлиғини ва ҳаётини суғурта қилиш лозим бўлган. Фуқаро суғурта компаниясига ташриф буюрганида биринчи навбатда суғурта полиси (шартномаси) шартлари билан эмас, балки нархи билан қизиқади. Натижада (фақатгина чет элга бориш учун полис расмийлаштириш кераклиги учун) энг арзон полисни танлаб харид қилади. Ваҳоланки, ушбу шартнома ўз ичига минимал рискларни олган бўлади. Натижада чет элда фуқаро билан бахциз ҳодиса содир бўлган тақдирда суғурта полиси мавжуд эканлиги эсига тушади ва суғурта ташкилотига мурожаат қилади. Содир бўлган воқеа эса суғурта шартномасида кўрсатилмаганлиги сабабли суғурта тўлови рад этилади ва ўртада зиддият пайдо бўлади. Шу сабабли фуқаролар суғурта шартномаси шартларига диққат билан эътибор бериши, ўзига керак бўлган рискларни танлаб кейин шартномани расмийлаштириши лозим. Тадбирда иштирокчилар молиявий хизматлардан хавфсиз фойдаланиш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга оид амалий тавсиялар билан ҳам ўртоқлашдилар. Хорижий давлатларнинг етакчи мутахассис ва экспертлари, хусусан Туркиядан Бурак Туфан, Кореядан Жоон Гил Лее, Япониядан Акари Ямамото сўзга чиқиб, ўз давлатларидаги мавжуд тажриба ва амалиёт ҳақида маълумот беришди.
Анжуман доирасида қўмита томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида энг яхши корхонани аниқлаш бўйича ўтказилган навбатдаги танлов натижалари эълон қилинди. Унга кўра, умумий овқатланиш соҳасидан «Беллиссимо пизза интернатионал» МЧЖ, «Оқтепа-фоодсервиcе» МЧЖ, «Прада имиджстрой» МЧЖ танлов ғолиби сифатида эътироф этилди. «Техномарт» МЧЖ, «Ишонч кредит савдо» МЧЖ, «Тилло домор» МЧЖ ХК чакана савдо бўйича ғолибликни қўлга киритди. Онлайн савдо бўйича ғолиблар қаторидан «Опен шоп» МЧЖ, «Идеа cонcепт гроуп» МЧЖ, «Техномарт» МЧЖ ХК ўрин олди. Молиявий хизматлар бўйича «Cлиcк» АЖ, «Микрокредитбанк» АЖ, «Ҳамкорбанк» АЖ ғолиб деб топилди. «Роотен» МЧЖ, «Рооделл сервиcе» МЧЖ, «Рисола травел лух» МЧЖ хизматлар, «Хонсарой гроуп» МЧЖ эса қурилиш соҳасида ғолиб бўлишди. Танлов ғолибларига Рақобат қўмитаси томонидан таъсис этилган “Истеъмолчи ишончи” сифат белгиси тантанли равишда топширилди. Тақдирланган корхоналар вакиллари ушбу мукофот келгусида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини ҳурмат қилиш, хизматлар сифатини таъминлаш ва ишончли ҳамкор бўлиб қолишга ундашин








