Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан 3 та корхонага нисбатан тегишли чоралар кўрилди
Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан тегишли соҳаларда фаолият юритаётган субъектлар томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида республика бўйлаб тизимли мониторинг ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан,
Бухоро вилояти
Вилоятда фаолият юритаётган “ORIENT SPARKLE” МЧЖ томонидан Бухоро шаҳри, Б.Нақшбанд кўчаси йўл ёқасида ўрнатилган ташқи реклама объекти (конструкцияси)да реклама жойининг паспорти мавжуд бўлмаганлиги ҳолати аниқланди.
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Sam-Ros-Stroy” МЧЖ томонидан бинонинг олд қисми ва давлат мулки бўлган ер участкасида ташқи реклама ўрнатиш ҳуқуқини олмасдан, шунингдек реклама тилига оид талабларга риоя этмаган ҳолда ташқи рекламалар ўрнатилганлиги аниқланди.
Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқармага келиб тушган мурожаат асосида “Glamur Gold” МЧЖ фаолияти ўрганилди. Ўрганишлар давомида корхона томонидан ижтимоий тармоқларида ҳамда қурилаётган уй-жой мажмуаси ҳудудида жойлаштирилган ташқи рекламалар орқали кўп квартирали уйлар рекламаси тарғиб этилганлиги аниқланди.
Ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, мазкур жамият кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнларини тартибга солувчи электрон платформада қурилиш-пудрат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтмаганлиги ҳамда жамият томонидан тарқатилган рекламада ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар берилиб, амалда қуриб битказилган кўп квартирали уйлар рекламаларда кўрсатилган ҳолатдан фарқ қилиши, шу орқали номақбул (нотўғри, инсофсиз ва чалғитувчи) реклама тарқатилганлиги аниқланди.
Юқоридаги аниқланган ҳолатлар юзасидан Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари Махсус комиссиялари томонидан 3 та корхонага (“ORIENT SPARKLE”, “Sam-Ros-Stroy” ва “Glamur Gold” МЧЖлар) нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан ишлар қўзғатилиб, молиявий жарималар қўлланилди ҳамда қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.








