Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан 4 та корхонага нисбатан молиявий жарима қўлланилди
Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан тегишли соҳалардаги фаолият юритувчи субъектлар томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида республика бўйлаб тизимли мониторинг ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан,
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган “KIWI GOLD TRADE” МЧЖга қарашли KIWI супермаркети ҳамда “AZIZ AMIRA GOLD” МЧЖга қарашли Исломбек Золото номи остидаги заргарлик дўкони томонидан бинонинг олд қисми ва давлат мулки бўлган ер участкасида ташқи реклама ўрнатиш ҳуқуқини олмасдан, шунингдек, реклама тилига оид талабларга риоя этмаган ҳолда ташқи рекламалар ўрнатилганлик ҳолатлари аниқланди.
Бухоро вилояти
Вилоятда фаолият юритаётган “ROAD STAR TRANS” МЧЖ ҳамда “SHIDDAT MOTORS” МЧЖ томонидан ўрнатилган ташқи реклама объект (конструкцияси)ларида реклама жойининг паспорти мавжуд бўлмаганлиги ҳолатлари аниқланди.
Юқоридаги аниқланган ҳолатлар юзасидан Қўмитанинг ҳудудий бошқарма Махсус комиссиялари томонидан 4 та корхонага (“KIWI GOLD TRADE”, “AZIZ AMIRA GOLD”, “ROAD STAR TRANS” ва “SHIDDAT MOTORS” МЧЖлар) нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан ишлар қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарималар қўллаш ҳақида қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.








