Рақобат қўмитаси томонидан ичимлик суви таъминоти соҳасидаги ҳолат юзасидан ўрганишлар натижалари
Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ҳамда тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Фарғона, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида ичимлик суви таъминоти сифатининг санитар меъёрларга мувофиқлиги ҳамда истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар бўйича комплекс ўрганишлар амалга оширилди.
Олиб борилган ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда истеъмолчиларга кўрсатилган хизматлар учун ортиқча маблағ ҳисоблангани, яъни қўшимча нореал қарздорликлар юзага келгани аниқланди. Қуйида ушбу ҳолатлар бўйича аниқ мисоллар келтирилади.
🔘Фарғона вилояти
Фарғона вилоятининг Тошлоқ ва Бешариқ туманларида истеъмолчиларга 14,3 м³ ичимлик суви етказиб берилганлигига қарамай, уларга 40 млн сўмга яқин ортиқча ҳақ ҳисоблангани маълум бўлди. Ҳудудий бошқарма кўрсатмасига асосан “Фарғона сув таъминоти” АЖ томонидан мазкур маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
🔘Сирдарё вилояти
Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги “Сармич” ва “Жўланган” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи 134 та хонадонга нисбатан 310 млн сўмдан ортиқ нореал қарздорлик ҳисоблангани аниқланди. Ҳудудий бошқарманинг аралашуви натижасида “Сирдарё сув таъминоти” АЖнинг Боёвут тумани бўлими мазкур асоссиз қарздорликларни ҳисоблаш дастуридан чиқариб ташлади ва истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.
🔘Қашқадарё вилояти
Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Қамаши, Юксалиш ва Тинчлик маҳаллаларида яшовчи 1 275 та хўжалик (6 059 нафар аҳоли) санитар талабларга жавоб бермайдиган, сифати паст ичимлик суви билан таъминланаётгани натижасида 26 млн сўмга яқин асоссиз даромад олинган. Ҳудудий бошқарма томонидан кўрилган чоралар асосида ушбу маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб китоб қилиши таъминланди.
Рақобат қўмитаси томонидан бундай ҳолатларни бартараф этиш, уларнинг келгусида такрорланишини олдини олиш ҳамда истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар изчил ва муттасил равишда амалга ошириб борилади.








