Ижтимоий тармоқ орқали “Танқид учун жарима ундирилиши қонунийми?” мазмунида қолдирилган пост фуқаролар муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, ушбу постда “Агар истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилса, қурилиш ташкилоти тўланган маблағнинг ёки шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги суммани жарима сифатида ушлаб қолиш ҳуқуқига эга, шунингдек, мижозлар бу қурувчи корхона бўйича ҳатто мурожаат қилинган тақдирда унинг ишчанлиги ва обрўсига путур етказилган деб яна жарима қўлланиши” ҳам таъкидлаб ўтилган.
Мазкур танқидий материал юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда “GOLDEN HOUSE” компанияси томонидан улуш киритиш асосида кўп қаватли уйдан хонадон харид қилиш шартномасида истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган талаблари мавжудлиги, шунингдек шартномалар давлат тилида тақдим этилмаган ҳолатлари ҳам мавжудлиги маълум бўлди.
Рақобат қўмитаси ўрганишлари натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-108-сонли Фармони билан белгиланган ваколат доирасида Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4, 6, 21 ва 23-моддалари билан белгиланган талаблари асосида “Golden House Property Group” МЧЖга қонун бузилиши ҳолатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш чораларини кўриши юзасидан кўрсатма юборилди.