Рақобат қўмитаси томонидан республиканинг ҳудудлар кесимида алоқа хизматлари соҳасида истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Жумладан,
🔘Андижон вилояти мисолида
Фуқаро К.А. Андижон шаҳридаги яшаш манзилида “UZONLINE” провайдерининг “GPON” интернет хизматидан фойдаланади. Интернет “INNBOX G74” роутери орқали уланган бўлиб, унда 70 Мбит/с тезликда ишлаши кераклиги айтилиб берилган. Бироқ, амалда ушбу тезликка эришилмаган. Компания ходимлари билан боғланилганда, фақат 110 Мбит/с (165 000 сўм) тарифга ўтилса тезлик ошиши мумкинлиги айтилган. К.А. 8 ой давомида ушбу тарифдан фойдаланган, аммо интернет тезлигида яхшиланиш кузатилмаган. Шу боис, у роутерни сифатлисига алмаштиришда амалий ёрдам сўраб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мурожаат бошқарма томонидан ўрганилиб, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун асосида интернет тезлиги меъёрга келтирилди ва истеъмолчининг розилиги билан “Uztelecom” томонидан “GRON” русумли янги роутер ўрнатилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
🔘Бухоро вилояти мисолида
Фуқаро Ш.М Beeline (Unitel МЧЖ) компанияси телефон рақамидан ортиқча маблағ ечиб олаётганидан норозилик билдириб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган. Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида, абонентга тариф режасига мувофиқ СМС, ГБ ва дақиқалар тўлиқ ҳажмда тақдим этилиши таъминланди.
🔘Фарғона вилояти мисолида
Фуқаро Б. С “Ucell” мобил алоқа компанияси рақамидан 12 йил мобайнида фойдаланиб келган. Бироқ, компания томонидан “6 ой давомида тўлов амалга оширилмаган” деган асосда рақам фаолиятдан чиқарилган. Фуқаро эса барча тўловларни ўз вақтида амалга оширганини билдириб, рақамни тиклаш бўйича компанияга мурожаат қилган. Аммо унга рақамни фақат 75% чегирма билан қайта сотиб олиш таклифи берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро мурожаати ҳудудий бошқармага келиб тушган ва олиб борилган амалий ишлар натижасида рақам фуқарога тўлиқ тиклаб берилди.
🔘Жиззах вилояти мисолида
Фуқаро Ф.Г. Beeline мобил алоқа операторига ойлик тўловдан ташқари қўшимча ҳисоб тўлдирган бўлса-да, маблағлар ҳисобга тушмагани ва ойлик лимит ажратилмаганидан норозилик билдириб, тўланган пулларни қайта ҳисоб-китоб қилишда ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан мурожаат ўрганилиб, фуқаронинг 55 800 сўм маблағи абонент ҳисобига тўлиқ ўтказилиши таъминланди.
🔘Наманган вилояти мисолида
Фуқаро Р.Н. “Beeline” алоқа компанияси абоненти сифатида ойлик тўловларни амалга оширган бўлса-да, тўловлар олдинги ой қарзига йўналтирилиб, янги ой учун тариф лимитлари ажратилмаганидан норозилик билдириб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ишлар натижасида, фуқаронинг тўловлари тариф режаси асосида қайта ҳисобланиб, янги ой учун лимитлар ажратилиши таъминланди.
🔘Навоий вилояти мисолида
Фуқаро А.А. Ucell рақамини Uzmobile тармоғига ўтказиш мақсадида “Uztelekom” АК офисига мурожаат қилиб, 110 000 сўм тўлов амалга оширган, аммо хизмат кўрсатилмаган ва тўлов қайтарилмаган.
Мазкур мурожаат Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан кўриб чиқилиб, “Uzbektelekom” АК Ғарбий филиалига тегишли кўрсатма хати юборилди. Натижада, фуқарога кўрсатилмаган хизмат учун тўланган 110 000 сўм маблағ тўлиқ қайтарилиши таъминланди.