Республика бўйлаб савдо, банк ва алоқа хизматлари бўйича истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Жумладан,
Навоий вилояти мисолида
Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Х.Н. “HUMANS” алоқа операторига тегишли мобил рақамни 2 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан олганлиги, тўловларни ҳар ой тўлаб борганлиги ва 2025 йил июль ойида шартнома муддати тугаган бўлсада, оператор мобиль иловасида фуқарога 380 000 сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланганлиги юзасидан Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиб чиқилди ва натижада фуқарога “HUMANS” МЧЖ томонидан асоссиз ҳисобланган қарздорлик бартараф этилиши таъминланди.
Қашқадарё вилояти мисолида
Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи фуқаро С.А. “UZUM” маркет онлайн дўкони орқали шартнома асосида телефон сотиб олганлиги, аммо телефон аппарати ҳеч қанча вақт ўтмасдан сифатсизлиги сабабли тўланган 3 500 000 сўм маблағни қайтарилиши юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат йўллади.
Мурожаатни ўрганиш натижасида, фуқарога сифатсиз маҳсулот учун тўлаган пул маблағи тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро 1053 такси хизматида ишлашини, мижоз томонидан Нукус шаҳрида жойлашган “Universam Market” савдо дўконидан маҳсулот буюртма қилганлигини, мижозга маҳсулотни олиб борганида мижоз маҳсулотни рад этганлигини, мурожаатчи маҳсулотга 111 000 сўм тўлов амалга оширганлигини билдириб, пулини қайтариб олиш бўйича қўмитага мурожаат қилган.
Қўмита томонидан олиб борилган ишлар натижасида “Universam Market” савдо дўкони томонидан фуқарога олдиндан тўланган пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
Самарқанд вилояти мисолида
Фуқаро Ш.Ш “Uzum bank” орқали пул алмаштириш амалиётини амалга оширган, аммо ўтказилган амалиёт амалга оширилмасдан фуқаро ўз маблағларини қайтариб ололмаётганидан норозилик билдириб, мурожаат қолдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма олиб борган ишлари натижасида “Uzumbank” томонидан кўрсатилмаган хизмат учун олинган 520 минг сўм маблағ фуқарога тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Сирдарё вилояти мисолида
Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқаро Д.А. «O’zbektelekom» АК Сирдарё филиалига интернет тармоғига уланиш учун 200 минг сўм тўловни амалга оширганлиги, бироқ тармоққа улаб берилмаганлиги туфайли тўланган 200 минг сўм маблағини қайтариб берилиши юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат йўллади.
Мурожаат ҳудудий бошқарма олиб борган ишлари натижасида «O’zbektelekom» АК Сирдарё филиали томонидан фуқаронинг пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди