ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШУВЧИЛАРДАН НЕГА НОРОЗИ?
Жамоат транспорти ҳамда такси хизматларида кузатилаётган муаммолар ҳақида
Сўнгги вақтда жамоат транспорти ва такси хизматларида кузатилаётган бир қатор муаммолар эътирозларга сабаб бўляпти. Албатта, йўлкира нархларининг асоссиз оширилиши, онлайн тўловлардаги ноаниқликлар, техник носозликлар билан боғлиқ ҳолатлар бевосита истеъмолчилар манфаатларига салбий таъсир қилади. Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мазкур масала юзасидан мурожаатлар ўрганилди.
Эксперт: Хамдам Ганжаев, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи:
— 2024 йил ва 2025 йилнинг 1-чораги давомида транспорт соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши борасида фуқаролардан жами 849 та мурожаат келиб тушган. Улардан 403 таси кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиниши, 230 таси сифатсиз хизмат кўрсатиш, 107 таси транспортнинг белгиланган йўналиш ва вақт оралиғига риоя этмаслиги, 83 та ва 26 та ҳолатда эса белгиланган нарх ва йўлкира ҳақининг оширилиши билан боғлиқ.
Мурожаатларнинг 618 таси ёки 72,8 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида 262 млн. 716 минг сўм истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
ЖУМЛАДАН:
- “Пукет-Тошкент” йўналишида йўловчи багажи етиб келмаганлиги сабаб, авиакомпания томонидан компенсация берилиши таъминланди.
- Асака-Қоратепа йўналишида транспорт йўлкира нархи сунъий оширилганлиги бўйича мурожаат ўрганилиб, ҳолат бартараф этилди.
- Самарқандда – автобус ҳайдовчисининг йўловчига нисбатан қўпол муомаласи учун қатъий огоҳлантириш берилди.
- Когондаги 105 ва 114-йўналишли таксиларда йўлкира асоссиз оширгани аниқланиб, масъулларга нисбатан чоар кўрилди.
- Қашқадарё ва Тошкентда Yandex таксида фуқаронинг пластик картасидан асоссиз маблағ ечилганлиги аниқланиб, маблағ тўлиқ қайтарилди.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ истеъмолчи:
- товарни (ишни, хизматни) эркин танлаш ва унинг сифатли бўлишини талаб қилиш;
- ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат) туфайли етказилган моддий ва маънавий зарар ўрни тўлиқ қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
- “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги Қонунга асосан ташувчи:
- йўловчининг хавфсизлиги, хизмат кўрсатишнинг зарур қулайликлари ва шартларини таъминлаши;
- йўл ҳаракати хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этиши;
Мижоз эса:
- ташувчи тўғрисида зарур бўлган ахборотни олиш;
- қоидаларда ёки ташиш шартномасида белгиланган тарзда ташувчи томонидан ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатилишидан баҳраманд бўлиш;
- йўловчилар ташиш учун очиқ бўлган ҳар қандай йўналишга чипта сотиб олиш, чиптада белгиланган жойни эгаллаш;
- шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларидаги автобусларда етти ёшгача бўлган болаларни ўзи билан бепул олиб юриш;
- ташиш бошланмасидан олдин чиптани топшириш ва унинг учун тўланган суммани қайтариб олиш (тўланган сумманинг ташувчи томонидан қайтарилиш тартиби қонунчиликда белгиланади);
- йўловчиларни ташувчи рейслар кечиккан ёки бекор қилинган тақдирда етказилган зиённи ва маънавий зарарни қонунчиликка мувофиқ тўлаттириш ва қоплаттириш ҳуқуқларига ҳам эга.
МИЖОЗ ЮЗ ТЕРИСИНИ КУЙДИРГАН САЛОНГА ЧОРА КЎРИЛДИ
Сўнгги пайтларда гўзаллик салонига бориш кўпчилик учун одатий ҳолга айланди — кимдир ташқи кўринишини яхшилашни истайди, бошқалар эса ёшаришни, тери парвариши орқали ўзини яхши ҳис қилишни хоҳлайди. Аммо, афсуски бу хизматларни барча салонлар ҳам сифатли ва хавфсиз тарзда тақдим этмаяпти. Баъзан уларнинг тегишли талабларга риоя қилмагани ва масъулиятсизлиги ортидан истеъмолчилар соғлиғи хавф остида қолмоқда. Шундай ҳолатлардан бири яқинда Тошкент шаҳридаги гўзаллик салонида юз берди. Мазкур салонда олиб борилган “сариқ пилинг” натижасида фуқаролардан бири оғир кимёвий куйиш жароҳатини олди.
Эксперт: Ботир Шарипов, Рақобат қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари
— Рақобат қўмитасига фуқародан “ENVIRON PG” МЧЖга тегишли гўзаллик салонида амалга оширилган парваришлаш муолажаси натижасида юз териси куйиб қолгани (тахминан 80 фоизи) ва бу ҳолат оғир даволаш жараёни ҳамда молиявий сарф-харажатларга сабаб бўлаётганлиги ҳақида мурожаат келиб тушган.
Қўмита томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил ишлари натижасида мазкур салонда фуқарога хизмат кўрсатиш жараёнларида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан:
- Гўзаллик салони томонидан тиббий лицензия талаб қилинадиган косметологик хизматлар ҳеч қандай тегишли рухсатномасиз амалга оширилгани;
- Пилинг хизмати кўрсатган ходимнинг тиббий маълумотга эгалиги тасдиқланмагани;
- Кўрсатилган муолажалар белгиланган сифат ва хавфсизлик стандартларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Жабрланувчи кўрган оғир оқибатлар ва гўзаллик салони фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 190-моддаси — лицензия ёки бошқа рухсатнома талаб қилинадиган фаолиятни тегишли ҳужжатларсиз амалга ошириш аломатлари мавжудлиги инобатга олинган ҳолда, Қўмита томонидан тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.
Шу ўринда, Рақобат қўмитаси эслатиб ўтадики, тиббий лицензия бўлмаган ҳолда тиббий хизматлар кўрсатиш, хусусан кимёвий пилинг ва бошқа мураккаб косметологик амалиётларни бажариш нафақат қонунбузарлик, балки истеъмолчилар соғлиғи ва хавфсизлигига нисбатан масъулиятсиз муносабат сифатида баҳоланади.
Шунингдек, фуқаролардан косметологик ва тиббий хизматлардан фойдаланишда эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик талаб этилади ҳамда фаолият юритувчи субъектларнинг лицензияси ва мутахассисларнинг малакасига, албатта эътибор қаратишларини сўраймиз.
Гўзаллик, терини ёшартириш муолажаларини олиш ва ўзига ёққан салонни ҳамда мутахассисни танлаш ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқи. Лекин лицензиясиз муассаса, малакасиз ходимлар хизмати ортидан соғлигингизга зиён етмаслиги кафолатланмаган. Шундай экан, ҳар қандай косметик ёки тиббий хизматдан олдин, албатта, хизмат кўрсатиш объектининг лицензияланганлиги, мутахассиснинг дипломи ва тажрибаси ҳақида маълумотга эга бўлиш керак. Бу нафақат соғлиғингиз, балки вақтингиз ва нақдингиз хавфсиз бўлишини таъминлайди.
Лицензиясиз, малакасиз мутахассислар томонидан кўрсатилаётган хизматлар оқибати кейинги пайтда тарқалаётган муҳокамали видеолардан ҳам аён бўлмоқда. Бундан кўриниб турибдики, тиббий ва косметологик хизматлар соҳасида назоратни кучайтириш ва фуқаролар ҳуқуқий онгни ошириш жуда муҳим. Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни огоҳ бўлишга чақиради. Бундай ҳолатларга қарши қатъий чора кўриш фақат жавобгарликни белгилаш эмас, балки келажакда юқоридаги каби нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.