Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан биржа савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни тақиқлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари бузилишлари юзасидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида, “JIZZAX INDUSTRIAL TO`QIMA” МЧЖ пахта тўқимачилик кластери томонидан пахта толаси ва техник чигит маҳсулотларини тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилганлиги аниқланди.
Шундан, 321,7 тонна пахта толасини биржа котировка нархларига нисбатан юқори нархларда ва 1021 тонна пахта толасини биржа котировка нархларига нисбатан паст нархларда сотиш ҳолатлари ҳамда 2536 тн техник чигит маҳсулоти биржа котировка нархлари билан солиштирилганда паст нархларда сотилганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “JIZZAX INDUSTRIAL TO‘QIMA” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шунингдек, пахта шроти бўйича биржа савдоларида иштирок этган “PAXTAKOR SIFAT YOG‘” МЧЖ, “JIZZAX KENTEKS” МЧЖ ва “BAXMAL QUYOSH NURI” МЧЖлар томонидан нархларни келишган ҳолда кескин оширганлик аломатлари мавжудлиги аниқланиб, “Рақобат тўғрисидаги” қонуннинг 19 моддаси (рақобатга қарши келишувларни ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни тақиқлаш) талаблари бузилиши аломатлари мавжудлиги юзасидан ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилиб жамиятларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.