Рақобат қўмитасига фуқаролардан газ таъминотига оид (истеъмолчиларга етказиб берилаётган табиий газнинг сифатсизлиги, суюлтирилган газни муддатида етказилмаслик, кўрсатилмаган хизматлар учун асоссиз қарздорлик ҳисоблаш, табиий газ ҳисоблагич ускунасини ўрнатиш ва давлат қиёсловидан ўтказиш) 1500 га яқин эътирозли мурожаатлар келиб тушган бўлиб, Қўмита ушбу йўналишда республиканинг ҳудудлар кесимида истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда.
Самарқанд вилояти мисолида
Ҳудудий бошқарма Иштихон туманидан Н.Б.нинг газ босими пастлиги, Пайариқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Қ.нинг суюлтирилган газ балони ўз вақтида етказилмаётганлиги ва Каттақўрғон шаҳрида истиқомат қилувчи У.М.нинг мунтазам тўловларни амалга оширишига қарамасдан қарздорлик ортаётгани каби норозиликлар билдирилган мурожаатларини ўрганиб чиқди.
Ўрганишлар ва қайта қилинган ҳисоб-китоблар жараёнида мурожаатларда келтирилган шикоятлар асослиги маълум бўлди ҳамда ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан “HUDUDGAZ SAMARQAND” газ таъминоти филиалига нисбатан иш қўзғатилиб, мавжуд аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилди.
Жиззах вилояти мисолида
Жиззах вилоят ҳудудий бошқармасига газ таъминоти бўйича келган мурожаатлардан бири “YUG SEVER STROY” МЧЖга тегишли бўлди.
Ўрганишлар жараёнида “ZARBDORTUMANGAZ” газ таъминоти филиали томонидан мазкур МЧЖга 121 757 550 сўм миқдоридаги асоссиз қарздорлик ҳисоблангани аниқланди.
Натижада Махсус комиссия томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, “HUDUDGAZTA’MINOTI” АЖ ва “HUDUDGAZ JIZZAX” газ таъминоти филиалига нисбатан иш қўзғатилиб, мурожаатда келтирилган 121 757 550 сўм маблағни тўлиқ “YUG SEVER STROY” МЧЖнинг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Тошкент вилояти мисолида
Рақобат қўмитасига Call-center орқали фуқаро хонадонидаги газ ҳисоблагичини янги электрон ҳисоблагичга алмаштириш масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаат йўллаган.
Ҳудудий бошқарма томонидан ўрганишлар олиб борилганда масала газ таъминоти ходимлари томонидан ҳал этилмагани, фуқаронинг бугунги кунда ҳисоблагич сотиб олиш учун шароити йўқлиги маълум бўлди.
Ўрганиш натижасида фуқарога “OLMALIQSHAHARGAZ” газ таъминоти бўлими томонидан янги замонавий Г-4 русумли электрон газ ҳисоблагич ўрнатиб берилиши таъминланди.
Андижон вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Андижон шаҳар истиқомат қилувчи фуқаро Б.Т. томонидан келиб тушган мурожаатда фойдаланилган табиий газ истеъмоли учун “HUDUDGAZ ANDIJON” газ таъминоти филиали томонидан асоссиз 4 600 000 сўм қарздорлик ҳисобланганлигидан норози бўлиб мурожаат йўлланган.
Мурожаат тўлов қоғозлари ва қайта ҳисоб-китоблар асосида ўрганилганда истеъмолчининг фойдаланган газдан қарздорлиги йўқлиги маълум бўлди ва мазкур хонадонга қўйилган мазкур қарздорлик бартараф этилди.
Бухоро вилояти мисолида
Фуқаро А.Т. ҳудудий бошқармага мурожаат юбориб, ўзи истиқомат қилаётган уйда газ ҳисоблагич ишламаётгани, бу ҳақда хизмат кўрсатувчи корхонага мурожаат қилгани, шунга қарамасдан 18,7 млн сўм ҳисобланаётгани, ушбу масалада амалий ёрдам сўраган.
Ҳудудий бошқарманинг олиб борилган ўрганиш натижасида “BUXORO SHAHAR GAZ” газ таъминоти филиали томонидан фуқарога ҳисоблагичи носозлиги ҳақида далолатнома тузилган, асоссиз ҳисобланган қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниб, унинг фойдаланган газга тўлови 1,8 млн сўм ҳисобланиб, ортиқча 16,9 млн сўм асоссизлиги сабабли истеъмолчининг ҳисоб варағидан чиқарилди.
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Нукус шаҳар “ALMAZAR” МФЙда яшовчи фуқаро С.Б.дан, Нукус шаҳар яшовчи фуқаро Қ.Д.лардан “HUDUDGAZ QORAQALPOG‘ISTON” газ таъминоти филиали билан қайта ҳисоб-китоб қилиш масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишган.
Ушбу мурожаатлар “NUKUSSHAHARGAZ” газ таъминоти бўлими билан ўрганиб чиқилганда, фуқаро С.Б. ҳисоб рақамига 7 161 669 сўм қарздорлик, фуқаро Қ.Д.га эса 4 200 000 сўм қарздорлик борлиги аниқланди.Олиб борилган қайта ҳисоб-китоблар мазкур қарздорликлар асоссиз эканлигини кўрсатди ва мурожаат истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.
Қашқадарё вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Қарши туманида истиқомат қилувчи фуқаро Э.Э. газ бўйича Қарши шаҳар мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорликни ундириш бўйича қарор қабул қилинганидан норози бўлиб мурожаат йўллаган.
Ўрганишларда фуқаро Қарши туманида яшаши ва унга 261 000 сўм қарздорлик чиқарилгани ҳамда МИБнинг қарори билан ҳам танишиб чиқилди. Натижада қарздорликка эга абонент рақами бошқа бир фуқарога тегишли эканлиги, таъминот ходимларининг масъулиятсизлиги сабабли дастурда хатолик юзага келгани аниқланди ҳамда мурожаатчи номидаги қарздорлик бартараф этилиб, МИБ қарори ўзгартирилди.
Хоразм вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро Х. Н. Урганч тумани “OQMAKTAB” маҳалласида жойлашган хонадони учун 4 137 060 сўм асоссиз қарздорлик юклатилганлиги юзасидан мурожаатини берган.
Ўрганишларда хонадон 2022 йил август ойида сотиб олингани, бугунги кунда хонадонига янги ҳисоблагич ўрнатилгани, аммо шунга қарамай бу хонадонда табиий газ мавжуд эмаслиги, эски ҳисоблагичи бўйича тўловлар тўлиқ амалга оширилиб, тўхтатилгани маълум бўлди.
Шундан сўнг асоссиз ҳисобланган 4 137 060 сўм фуқаро фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниб, мазкур хонадон табиий газ тизимига уланди.
Навоий вилояти мисолида
Рақобат қўмитасининг ишонч телефонига Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар А.А. ва Р.У. газ таъминоти корхонаси томонидан хонадонига янги электрон газ ҳисоблагич ўрнатиб бериш кечикаётганлиги юзасидан мурожаатлари келиб тушган.
Ҳудудий бошқарма томонидан мурожаат ўрганиб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги ПҚ-4388-сонли қарорига асосан табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини барча турдаги истеъмолчилар учун тўлиқ жорий этиш белгилаб берилган.
Мазкур Фармонга асосан “HUDUDGAZ NAVOIY” газ таъминоти филиали томонидан фуқаролар хонадонига янги электрон газ ҳисоблагич ўрнатиб берилиши таъминланди.
Наманган вилояти мисолида
Наманган шаҳрида янги қурилган кўп қаватли уйлардан хонадонлар сотиб олган 3 нафар фуқаро таъминотчи корхона томонидан уйларига газ ҳисоблагич ўрнатилмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида мурожаатда келтирилган кўп қаватли уйлар Наманган шаҳарда жойлашган бўлиб, “SAMO BUILD-14” МЧЖ томонидан қурилиб, фуқароларга топширилганлиги аниқланди.
Натижада “HUDUDGAZ NAMANGAN” газ таъминоти филиали ходимлари ва қурувчи “SAMO BUILD-14” МЧЖ ходимларига “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-21-моддалари юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, натижада мурожаатчилар хонадонига газ ҳисоблагичлар ўрнатиб берилишига эришилди.
Сирдарё вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.А.дан тушган мурожаатда “BOYOVUT TUMAN GAZ” таъминоти филиали томонидан 1 039 680 сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланганидан норозилигини билдирган.
Ўрганишларда фуқарога нисбатан газ таъминоти филиали яшаш хонадонига лойиҳадан ташқари жиҳозлар ўрнатилган, деган важ билан далолатнома расмийлаштиргани, аммо ҳақиқатда бу хонадонда лойиҳага кирмаган жиҳозлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Натижада “BOYOVUT TUMAN GAZ” таъминоти бўлими томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси талабларига зид равишда далолатнома расмийлаштирилганлиги аниқланиб, фуқарога нисбатан расмийлаштирилган далолатнома бекор қилиниши ва 1 039 680 сўм миқдоридаги нореал қарздорлик олиб ташланиши таъминланди.
Сурхондарё вилояти мисолида
Ҳудудий бошқарма томонидан фуқаро Х.М.нинг қўмитага “pm.gov.uz” орқали қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида хонадонни газ лойиҳаси тайёрлангандан сўнг, “TERMIZSHAHARGAZ” таъминоти бўлими томонидан 2024 йил 22 август куни қайта далолатнома расмийлаштирилиб, лойиҳадан ташқари 2 та нуқта борлигини асос қилиб “TERMIZSHAHARGAZ” таъминоти бўлими ходимлари томонидан табиий газ учун 1 900 000 сўм қарздорлик ҳисобланганлиги аниқланди.
Шунингдeк, истеъмолчининг табиий газ учун амалга оширган тўловлари қайта ҳисоб-китоб қилинганда қарздорлик 918 000 сўмни ташкил қилган, қолган 982 000 сўмлик қарздорлик асоссиз бўлиб чиқди ва мазкур хонадоннинг ҳисоб-варағидан олиб ташланди.