Германия Федератив Республикаси Федерал канцлери жаноб Олаф Шольцнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи ҳамда давлат раҳбарларининг бўлиб ўтган учрашувлари Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Рақобат қўмитасининг Германиянинг Sparkassenstiftung for International Cooperation ташкилоти вакиллари билан бугунги учрашувида ҳам бу ўз ифодасини топди.
Рақобат қўмитаси раиси Ҳ.Турахужаев бошчилигида бўлиб ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг бутун даврида эришилган натижалар муҳокама қилинди. Иштирокчилар келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган янги вазифаларни белгилаб олдилар.
Ташкилотлар ўртасидаги жорий ҳамкорлик меморандумига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома имзоланиши учрашувнинг муҳим воқеаси бўлди. Киритилган ўзгартиришларга кўра, ўзаро англашув меморандумида рақобатни ривожлантириш, рақамлаштириш, ходимлар малакасини ошириш ва институционал ривожланиш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.
Қўмита 2021-йилдан бошлаб ушбу ташкилот билан ҳамкорлик ўрнатган ва Молия соҳасидаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида икки томонлама англашув меморандуми имзоланган.