Ижтимоий тармоқ орқали “Қурувчи билан 3 йил аввал тузган шартномасида йўл қўйилган хатолик туфайли уйнинг майдони 50 м2 ўрнига 33 м2 деб ёзилиши натижасида ҳозирда унга қурувчи томонидан 33 м2 жой тақдим қилинаётгани…” юзасидан фуқаро Н.В. мурожаат қолдирган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан ўрганишлар олиб борилганда Фарғона вилояти Қува туманида қурилаётган уйнинг умумий майдони хатолик натижасида 17 м2 кам эканлиги эътирозга сабаб бўлгани маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Уй-Жой Кодексининг 27-моддасида ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади.
Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим, берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда эса, ушбу фарқ мулкдор томонидан қайтарилиши талаб этилмаслиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодексининг
354-моддасида, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Мазкур Кодекснинг 384-моддасида шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонунчиликдан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса.
Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса — ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
1-моддасида, истеъмолчи – фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс);
13-моддасида, истеъмолчининг талаблари у касса ёки товар чекини, кафолат муддати белгиланган товарлар бўйича эса, тегишлича расмийлаштирилган техник паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатга тақдим этган тақдирда кўриб чиқилиши қайд этилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қўмита фуқаро Н.В.нинг истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари эмас, балки фуқаролик ҳуқуқлари бузилаётганлиги, тарафлар шартнома шартларига ўзгартириш киритиш ҳақидаги таклифига иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса — ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартнома шартларини ўзгартириш ҳақидаги талаб билан фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритиш мумкинлигини билдиради.