ЮНEСКО ташкилоти томонидан 21 февраль – Халқаро она тили куни деб эълон қилинган. Мазкур сана 2001 йилдан буён халқаро миқёсда нишонланиб келинмоқда.
Халқаро она тили кунининг мазмун-моҳиятида ҳар бир халқнинг ўз миллий тафаккури, маънавияти, руҳиятининг ўзагини ташкил этадиган тилга алоҳида муҳаббатнинг белгиси ўз аксини топади. Мазкур кун она тили байрами сифатида нишонланар экан, бу байрам муносабати билан ҳар бир инсоннинг ўз Ватани ва ўз тилига бўлган муҳаббати, унга бўлган эҳтироми, қадрлаш туйғулари янгиланади.
Юртимизда ўзбек тилини ривожлантиришга ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Давлат тилини мавқеини янада ошириш учун қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Бугунги кунда она тилимиз жаҳон минбарларида баралла янграётганлиги ҳар биримизга чексиз ғурур ва фахр бахш этади.
Она тилимизнинг қадри ва қадди ҳамиша баланд бўлсин.