Жорий йил 11 январь куни Монополияга қарши курашиш Қўмитасида “ВАТАНИМГА ТАЯНЧМАН” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги бошқарув аппарати бошқарма бошлиғи ўринбосари подполковник Холиқов Йўлдош Тўйчиевич иштирок этди. Тадбирни қўмита раисининг биринчи ўринбосари Каримов Бобур Хасанович очиб берди. Тадбир аввалида мустақилликнинг илк кунларидан бугунги кунгача 30 йил мобайнида Қуролли Кучларимизнинг эришилган ютуқларини акс эттирувчи видеоролик намойиш этилди.
1992 йил 14 январда юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди. Мана, 30 йилдирки, ана шу тарихий кун Қуролли Кучларимиз пойдевори қўйилган, истиқлолимиз солномасига олтин ҳарфлар билан ёзилган буюк сана сифатида байрам қилинмоқда.
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида миллий армиямизни ислоҳ қилиш бўйича ҳар томонлама чуқур ўйланган ва узоқ муддатга мўлжалланган, ишлаб чиқилган стратегия ҳамда Миллий хавфсизлик концепцияси ва Мудофаа доктринаси асосида кўплаб ишлар амалга оширилди.
Миллий армиямиз мамлакатимизда эркин, озод ва фаровон ҳаёт бунёд этиш, демократик ислоҳотларни самарали амалга ошириш йўлида ишончли кафолат бўлиб келмоқда.
Шуни ишончи билан айтиш мумкинки, бугунги кунда ҳарбий бошқарувнинг самарали тизими шакллантирилиб, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди.
Тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим – ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш имконини берди. Энг муҳими, у “Армия ва халқ – бир тану бир жондир” деган ҳал қилувчи тамойилни амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида қўшимча равишда янги, замонавий олий ҳарбий таълим муассасалари ташкил этилди, курсантларни ўқитиш тизими эса кўп тармоқли асосда йўлга қўйилди.
Янгитдан тузилган, моҳият эътибори билан ноёб бўлган Ахборот- коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти мамлакатимизнинг замонавий олий таълим муассасалари қаторидан муносиб жой эгаллади.
Ҳозирги мураккаб пандемия шароитида Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академиясининг ташкил этилгани аҳоли саломатлиги ва ҳаётини муҳофаза қилиш борасида олдимизга қўйилган долзарб вазифаларни тезкор ва самарали ҳал этиш имкони беради.
Шунингдек, армиянинг асосий таянчи бўлган сержантлар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Илғор халқаро стандартлар асосида ташкил этилган Қуролли Кучлар Кичик мутахассислар тайёрлаш марказида таълим-тарбия ишлари олиб борилмоқда.
Ҳарбий шаҳарчалар замонавий қиёфага эга бўлди, моддий таъминот хизматлари соҳасига аутсорсинг тизими жорий этилди.
Бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айлангани, ҳеч шубҳасиз, шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир. Бу ҳақиқатни юртимиздаги барча ота-оналар, бутун халқимиз ғурур билан, миннатдорлик билан эътироф этмоқда.
2021 йил 6 ноябрь куни муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонларидан Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” эълон қилинди. Мазкур стратегиянинг 7- йўналиши – тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш деб белгиланди. Келгуси беш йилликда бугунги кескин ва таҳликали вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтириш, ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби устувор вазифалар самарали ҳал этилиши кўзда тутилган.
Мазкур вазифаларнинг бажарилиши мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлашга, пировардида Ватанимиз қудрати, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Тадбирда Қўмита марказий аппарати, Қўмита хузуридаги Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари марказий студиядан, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ходимлари масофадан иштирок этдилар.