Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан республика ҳудудида фаолият юритаётган “Zoodpay” (“Zoodpay” МЧЖ) савдо белгиси остидаги микрокредитлаш корхонаси таъсисчиси ҳисобланган “Orientswiss Tashkent” МЧЖ ҚКси устав фондининг 99,99 фоиз улушини монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олмасдан Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган “Zooduz Holding Limited” компаниясига сотиш бўйича битим тузилганлиги ҳолати юзасидан иш қўзғатилди.
Маълумот учун: Швейцариянинг “Orientswiss S.A” компаниясига тегишли бўлган Zood бренди остидага экотизимга кирувчи Zoodmall маркетплейси, Zoodpay микрокредит тизими, Zoodship логистика ва етказиб бериш хизматларини кўрсатадиган рақамли платформадан Ўзбекистон, Покистон, Ироқ ва Ливан давлатларида 300 млндан ортиқ жисмоний шахс ҳамда 5 млн бизнес субъектлари бўлган фойдаланувчига эга.
Ушбу битимни тузиш бўйича ҳаракатлар амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддаси иккинчи қисми талабларига зид ҳолатда амалга оширилган.
Яъни ушбу моддага мувофиқ, қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилигини олиш зарур бўлади, агар:
бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) 50 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса;
битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса.
Ўрганиш жараёнида улушлари сотилаётган “Orientswiss Tashkent” МЧЖ ҚКнинг активларининг баланс қиймати ҳамда товар айланмаси БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқлиги аниқланди.
Қўмита томонидан ушбу ҳолат юзасидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан қонун бузилишини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган жавобгарликни қўллаш чоралари кўрилмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, янги “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни рақамли платформалар фаолиятига нисбатан татбиқ этилади ва Қўмита рақобатни таъминлаш нуқтаи назаридан уларни тартибга солиш вазифасини амалга оширади.
Бугунги кунда, Қўмита томонидан рақамли платформаларни тартибга солиш механизмлари халқаро ташкилотлар (Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки) экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда ҳамда янги “Рақобат тўғрисида”ги Қонун кучга кириши билан мазкур ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилмоқда.
Шу ўринда, юқорида такидлаб ўтганимиздек қонунчиликда белгиланган ҳолатларда, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фонди (устав капитали)дан улуш (акция) олиш бўйича монополияга қарши органдан олдиндан розилик олиш талаб этилишини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз.