Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига “ZOODUZ HOLDING LIMITED” компанияси томонидан “ORIENTSWISS TASHKENT” МЧЖ ҚКнинг устав фондидан 99,99 фоиз улуш олишга монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини бериш юзасидан давлат хизматлари маркази орқали онлайн равишда 2023 йил 3 июлда мурожаат келиб тушган.
Қўмита томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш давомида “ZOODUZ HOLDING LIMITED” компанияси ва “ORIENTSWISS TASHKENT” МЧЖ ҚК ўртасида 2023 йил 15 июн куни битим тузилганлиги ҳамда амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг
17-моддаси иккинчи қисми талаблари бузилганлиги аниқланди.
Юқоридаги ҳолатларга асосан монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олмасдан улуш олиш бўйича битим тузилганлиги ҳолати юзасидан 2023 йил 5 июл куни Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилган ҳамда 18 июл куни Қўмита томонидан қонун бузилишини қайта содир этмаслик ҳамда келгусида такрорланишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш юзасидан кўрсатма берилди.
Шунингдек, юқоридаги битим бир шахслар гуруҳи ўртасида амалга оширилганлиги ва рақобат муҳитига таъсир кўрсатмаганлигини инобатга олиб “ZOODUZ HOLDING LIMITED” компанияси томонидан “ORIENTSWISS TASHKENT” МЧЖ ҚКнинг устав фондидан 99,99 фоиз улушга эгалик қилишга монополияга қарши органнинг розилиги берилди.
“ZOODUZ HOLDING LIMITED” компанияси жорий йилнинг 4 август куни Қўмитага юқоридаги кўрсатмани бажарганлик тўғрисида маълумот тақдим этди.