Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига жорий йил 21 сентябрь куни “Chinoz yo’lindustriya” МЧЖ томонидан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда электр энергиясидан фойдаланиш жараёнида трансформатор ва электр тармоқларида йўқотишларни ҳисоблашда техник хатоликка йўл қўйилганлиги оқибатида тадбиркорга 2020 йилдан 2022 йил сентябрь ойига қадар жами 200 181 600 сўм ортиқча қарздорлик ҳисобланган ҳамда ушбу қарздорлик ўз вақтида тўланмаганлиги учун 89 617 088,7 сўм қўшимча пеня ҳисобланганлиги кўрсатиб ўтилган.
Мурожаатда кўрсатилган норозиликлар юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан “O‘zenergoinspeksiya” Тошкент вилояти ҳудудий бўлимига ҳамда “Toshkent hududiy elektr tarmoqlari” АЖ га 2022 йил 28 сентябрь куни хат юборилган бўлиб, мурожаатда келтирилган ҳолатлар қайта кўриб чиқилиши ва тегишли хужжатлар ҳудудий бошқармага тақдим этилиши сўралган. Мурожаатдаги ҳолат Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ва “O‘zenergoinspeksiya” Тошкент вилояти ҳудудий бўлими билан биргаликда ўрганилганда томонлар ўртасида имзоланган шартномада электр энегиясидан фойдаланишда истеъмолчининг барча хуқуқ мажбуриятлари кўрсатилган. Бироқ электр энергиясидан фойдаланиш жараёнида трансформатор ва электр тармоқларида йўқотишларни ҳисоблашда техник хатоликка йўл қўйилганлиги оқибатида тадбиркорга жами 200 181 600 сўм ортиқча қарздорлик ҳисобланган ҳамда ушбу қарздорлик ўз вақтида тўланмаганлиги учун 89 617 088 сўм қўшимча пеня ҳисобланганлиги маълум бўлди. “Toshkent hududiy elektr tarmoqlari” АЖ томонидан “Chinoz yo’lindustriya” МЧЖга асоссиз ҳисобланган қарийиб 300 млн.сўм қарздорлик ҳисобдан чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил сентябрь ойида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига Қибрай туманидаги тадбиркор мурожаат қилиб, унга электр энергиясидан асоссиз ҳисобланган жами 114 167 880 сўм қарздорлик ҳисобланганлигини маълум қилган эди. Натижада “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” AЖга нисбатан иш қўзғатилган ва асоссиз қарздорлик ҳисобдан чиқарилган эди.
Ҳурматли тадбиркорлар! Табиий монополия субъектлари товарларни истеъмол қилишда турли хил камситилишлар, асоссиз қарздорлик ҳисобланиш ҳолатлари аниқланса хуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилинг.