“Bugun.uz” сайтида эълон қилинган “Когон ТЙФУК томонидан ўтказилган тендерда комиссия раисининг опаси билан боғлиқ фирма ғалаба қозонди” сарлавҳали мақоласи юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Мақолада “Когон туман йўллардан фойдаланиш” Унитар корхонаси буюртмачилигида 73308-сонли лот орқали эълонга берилган объектларга қум-шағал аралашмаси ва асфальт-бетон маҳсулотларини ташиб бериш хизматини бажариш учун транспорт хизмати кўрсатувчи корхонани танлаш бўйича ўтказилган танлов савдосида ушбу харидларни амалга ошириш учун тузилган харид комиссиясининг раиси билан танлов ғолиби деб эълон қилинган “Ravon Karpareshin Trans” МЧЖнинг раҳбари опа-ука (ака-сингил) эканлиги маълум қилиниб, ушбу харидларни ўтказишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги айтиб ўтилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганда, бошланғич қиймати 605,04 млн.сўмлик танлов 25.04.2022 йилда 10 кун муддатга эълонга берилганлиги, танловда “Ravon Karpareshin Trans” МЧЖ ва “VERTU TRANS” МЧЖ иштирок этганлиги, танлов давлат харидларининг махсус электрон платформасида (https://etender.uzex.uz/lot/73308) электрон тартибда ўтказилганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш жараёнида, ғолиб деб топилган “Ravon Karpareshin Trans” МЧЖнинг таъсисчиси ва раҳбари 2022 йил 22 апрелда ўзгарганлиги, яъни ушбу жамият раҳбари имзо намунаси АТ “Халқ банки” Бухоро вилоят филиали томонидан рўйхатга олинганлиги аниқланди.
Юқоридагиларни ҳамда банк томонидан такдим этилган маълумотларни инобатга олиб, ушбу танлов савдосида эълон қилинган ҳолат бўйича манфаатлар тўқнашуви аниқланмади.
Шу билан бирга, танлов жараёнидаги бошқа қоидабузарликлар юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ваколат доирасида ўрганиш ишлари амалга оширилади.