Товар-хом ашё биржалари ва истеъмол бозорларида нархларни назорат қилиш бошқармаси томонидан Bakiroo (https://t.me/the_bakiroo) телеграм каналида 2023 йил 12 май куни “Асосий озиқлардан гуруч ва шакар қиммат бўлиши кутилмоқда” сарлавҳаси остида муҳокама қилинаётган хабар бўйича Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сонли қарорига билан 2018 йил 1 январдан бошлаб монополист корхоналар томонидан фақат биржа савдоси орқали бозор тамойиллари асосида сотиладиган маҳсулот турлари, хом ашё ва материаллар рўйхати тасдиқланган бўлиб, мазкур рўйхатга шакар маҳсулоти киритилган.
Республикада йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати 900 минг тоннадан ортиқ бўлган маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчи (“Хоразм шакар” МЧЖ ва “Ангрен шакар” МЧЖ) корхоналарнинг ички эҳтиёжни (ўртача 650 минг тонна)
138 фоиздан ортиғини қоплаш имконияти мавжуд.
Шакар ишлаб чиқарувчилар томонидан ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини ўтган йилга нисбатан 25 фоизгача оширилиши режалаштирилган. Натижада йиллик шакар ишлаб чиқариш қуввати 900 минг тоннадан 1 млн тоннагача ошиши кутилмоқда.
Бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари Бразилия давлатидан шакар хомашёсини харид қилишмоқда. Хусусан, жорий йил 17 май ҳолатига мазкур заводларда 357 минг тн шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд ҳамда арзон нархларда хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланган.
Шундан, омборда 8 минг тонна тайёр шакар ва 78 минг тонна хомашё, июнь ойига қадар 271 минг тонна хомашё етказиб берилади.
Маълумот учун, бугунги кунда аҳолига шакар 11 500 – 14 000 сўмдан, айрим олис ҳудудларда 12 000 – 15 000 сўмгача чакана нархларда реализация қилинмоқда.
Биржа савдоларида кунлик қўйилаётган 3100 тонна шакар маҳсулотининг 2110 тоннаси ёки 68 фоизи реализация қилинмоқда.
Бу рақамлар аҳолининг шакарга бўлган талабини узлуксиз қондирилаётганлигини англатади.
Шунингдек, мамлакатимизда гуруч маҳсулотига бўлган йиллик эҳтиёж 353 минг тоннани ташкил этиб, 2023 йилда 392 минг тонна гуруч маҳсулотини ишлаб чиқариш режалаштирилган 2022 йилга (346 минг тонна) нисбатан 13 фоизга кўп.
Умумий етиштириладиган гуручнинг 31 фоизи Хоразм вилояти, 20 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси, 11 фоизи Сирдарё вилояти, 10 фоизи Андижон вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан гуруч маҳсулотини импорт қилинишида божхона божи 0 (нол)этиб белгиланган.
Жорий йилнинг январь-апрель ойларида 5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 14,8 минг тонна (ўртача 337 долл/тн) гуруч маҳсулоти импорт қилинган (Қозоғистон – 9,4 минг тн, Покистон – 3 минг тн ва бошқалар – 2.4 минг тн).
Маълумот учун, 2022 йилда 2 млн АҚШ долларига тенг бўлган 7,8 минг тонна (ўртача 257 долл/тн) гуруч импорт қилинган. (Қозоғистон – 2,7 минг тн, Покистон – 2,3 минг тн ва бошқалар – 2,8 минг тн).
Ички бозорда гуруч маҳсулотининг ўртача чакана нархи 1 кг аланга нави учун 16 000 сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 21 фоизга ошган.
Шунингдек, қўшни давлатларда ҳам гуруч маҳсулоти чакана нархлари ошиши кузатилди. Хусусан, Қозоғистонда ўтган йилга нисбатан 27 фоиз (0,87 – 1,2 доллар), Россияда 31 фоиз (0,9 – 1,3 доллар).
Қўмита аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, нархлар ошиши ҳамда вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича Ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлигини маълум қилади.