2022 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгаришлар, кутилаётган янгиликлар мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сонли “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони билан қайта ташкил этилган.
Сўнгги йилларда Давлатимиз Раҳбари бошчилигида мамлакатимизда монополияларни камайтириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш орқали соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида амалга оширилган ислоҳотлар ва чора-тадбирлар натижадорлиги ҳақида:
Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича қуйидаги механизмлар жорий этилди:
агар товар бозорида 5 та ва ундан ортиқ хусусий сектор субъектлари фаолият юритиб келаётган бўлса, ушбу соҳаларда давлат иштирокидаги корхоналарни таъсис этилишига чекловлар киритилди;
лицензиялаш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат органлари ва монополияларга ўзларининг иштирокидаги корхоналарни ташкил этилишига тақиқ киритилди;
давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишда рақобатга таъсирини баҳолаш механизми ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг дастлабки розилигини олиш тартиби жорий қилинди.
Масалан, биргина 2021-2022 йй давомида Қўмита томонидан давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш бўйича жами 45 та мурожаатдан 33 фоизида корхоналарни ташкил этиш рад этилган.
давлат иштирокидаги корхоналарга асосий фаолиятидан хос бўлмаган қўшимча фаолият билан шуғулланиш ва бошқа корхоналарда улушга эга бўлишга тақиқ ўрнатилди.
Натижада, давлат иштирокидаги корхоналар сони сўнгги икки йилда қарийб 3,0 мингдан 2,1 мингтагача ёки 30 фоизга қисқарди.
Товар ва молия бозорларида рақобатни янада ривожлантириш, янги иштирокчиларни эркин кириб келишини таъминлаш мақсадида:
1) тадбиркорлар учун 185 турдаги лицензия ва рухсат бериш тартиб-тамойиллари қисқартирилди ёки соддалаштирилди;
2) ислоҳотлар натижасида 31 та товар ва хизматлар бозорларида тадбиркорларнинг киришини эркинлаштириш ҳисобига етарли даражада рақобат шаклланди ва монополия ҳолатидан чиқарилди, жами монопол корхоналар сони эса сўнгги 5 йилда 20 фоизга камайди ва бугунги кунга келиб 90 тани ташкил этмоқда.
Биргина жорий йилнинг ўзида 13 та товар ва хизматлар бозорларида мавжуд эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиниши белгиланди ва босқичма – босқич рақобатни шакллантириш бошланди.
Мисол учун, ишлатилган техник мойларни йиғиш, ўлчаш воситаларини қиёслаш, дон ва пахтани сертификатлаштириш, лойиҳалаштириш каби соҳаларда фаолият юритиш учун хусусий секторга имконият яратилди.
3) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рақобатга таъсирини баҳолаш мажбурий жорий этилди.
Қўмита бугунги кунга қадар 1,1 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рақобатга таъсири баҳоланган, шундан қарийб 65 фоизида рақобатга зид нормалар мавжудлиги аниқланган.
4) монополиялар, шу жумладан табиий монополияларнинг 6,7 мингдан ортиқ турли рақобатга зид ҳаракатлари бартараф этилди, натижада 42 мингга яқин тадбиркорларнинг 554 млрд сўм сўмлик манфаатлари ҳимоя қилинди;
5) давлат органларининг, шу жумладан маҳаллий ҳокимият органларининг 3,2 мингдан ортиқ турли рақобатга зид қарорлари бекор қилинди.
6) темир йўллари ва аэропортлар хизматлари каби табиий монополия соҳаларида трансформацияси жараёни бошланди ва унинг асосий мақсадларидан бири ушбу бозорларга янги иштирокчиларга эркин киришини таъминлаш ҳисобланади.
7) давлат органлари ва монополияларда рақобат чекланишини барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсадида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилди.
Маълумот учун: 100 та ташкилотларда (10 та давлат иштирокидаги корхоналарда, 10 та табиий монополия субъектларида, 24 та йирик монополияларда, 33 та маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, 22 та давлат бошқаруви органларида ва 1 та корпоратив буюртмачида) жорий қилинди.
Бугунги кунда янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисидаги” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва унда “Рақобат тўғрисида”ги ва “табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонунлар бирлаштирилди ҳамда рақобат муҳитини шакллантириш ва таъминлашнинг мутлақо янги мезонлар ишлаб чиқилди.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига киритилаётган асосий янги МЕХАНИЗМЛАР, қуйидагилардан иборат:
Қонун лойиҳаси 9 та боб, 52 та моддадан иборат.
1. Мавжуд маъмурий юкни қисқартириш мақсадида кичик бизнес субъектлари, яъни товар айланмаси 3 млрд сўмдан кичик бўлган тадбиркорлар монополияга қарши тартибга солишдан озод этилмоқда.
2. Рақобат ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонунлар бирлаштирилиб, табиий монополияларни аниқ мезонлари асосида белгилаш ёндашувига ўтказилмоқда ва амалдаги “табиий монополиялар соҳалари рўйхатини белгилаш” принципидан воз кечилмоқда.
Бу табиий монополия соҳаларидан рақобатни ривожлантириш мумкин бўлган бозорларни ажратиб олишга ёрдам беради.
3. Товар ва хизматлар бозорларида устун мавқени аниқлаш мезонлари қайта кўриб чиқилмоқда.
Маъмурий юкни қисқартириш мақсадида бозор иштирокчилари ҳисобланган устун мавқега эга корхонлари ва табиий монополия субъектлари томонидан турли ҳисобот ва маълумотларни мажбурий тақдим этиш шарти бекор қилинмоқда.
4. Кичик ва ўрта бизнес субъектларига нисбатан маъмурий юкни қисқартириш мақсадида олдиндан розилик олиш талаб қилинадиган иқтисодий концентрация (корхоналарнинг қўшилиши, қўшиб олиниши ҳамда акция (улушларни) олиш ва бошқалар) битимлари қиймати 5 бараварга оширилаяпти (амалдаги 30 млрд сўмдан 150 млрд сўмгача), яъни назорат фақат рақобатга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган йирик корхоналарга нисбатан татбиқ қилиниши белгиланмоқда.
5. Устун музокара кучи, монополияга қарши комплаенс каби янги институтлар киритилмоқда;
6. Рақамли платформаларнинг Устун мавқени белгилаш ва уларга нисбатан монополияга қарши талаблар белгилаш назарда тутилмоқда;
7. “Картель келишувларининг” иқтисодиётга ва жамиятга зарарлари ва оқибатлари оғирлигини инобатга олиб жаҳон амалиётида уларга нисбатан қўлланиладиган “per se” қоидасини киритиш, яъни бундай келишувлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги принципи киритилмоқда.
8. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларнинг лойиҳаларини рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш белгиланмоқда;
9. Имтиёз ва преференциялар тарздаги давлат кўмаги кўринишлари ва уларни тақдим этишга нисбатан монополияга қарши талаблар белгиланмоқда.
10. Иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш мақсадида, давлатнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига йўл қўйилмаслигининг аниқ мезонлари белгилаб қўйилмоқда.
11. Рақобат тўғрисидаги қонун доирасига нафақат танлов ва тендер, балки аукцион ва бошқа турдаги савдоларда рақобатни чеклаш ҳаракатларига барҳам бериш чоралари кўзда тутилмоқда.
12. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий жарималар белгиланмоқда ҳамда айрим ҳуқуқбузарликлар учун амалда мавжуд маъмурий жарималар миқдорлари оширилмоқда (амалда БҲМнинг 3-5 баравари бўлса, лойиҳада БҲМнинг 10-20 бараваригача ошириш таклиф этилмоқда) ва рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузилиши учун жавобгарлик белгиланмоқда..
13. Картелларни аниқлашни самарадорликни ошириш мақсадида рақобатга қарши келишув ва ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатлар учун жавобгарликни енгиллаштириш асослари белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси биринчи навбатда йирик монополияларнинг бозор ҳукмронлигини самарали тийиб туриш, бозорларга тадбиркорларни ва янги иштирокчиларни эркин киришини таъминлаш ва иқтисодий ўсиш учун қўшимча заҳира сифатида рақобатни тўлиқ ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўйган.
Соғлом рақобат муҳитини таъминлаш иқтисодиётнинг муҳим “ўсиш нуқтаси” ҳисобланади ва ушбу йўналишда ислоҳотлар барқарор равишда давом эттирилади.