Маълумки, Венгриянинг «CHINOIN Gyogyszer es Vegyeszeti Termekek Gyara Zrt.» компанияси дори воситаларини ишлаб чиқарувчи дунёга машҳур «SANOFI» холдинг компанияси таркибига киради. «CHINOIN Gyogyszer es Vegyeszeti Termekek Gyara Zrt.» компанияси 1996 йилда халқаро рўйхатдан ўтган «НО-ШПА/NO-SPA» ва ушбу дори воситаси қутиси кўринишидаги товар белгиларининг ҳуқуқий эгаси ҳисобланади. Ушбу товар белгилари Ўзбекистон ҳудудида ҳам белгиланган тартибда ҳимояга эга.
Наманган вилоятида жойлашган ва 2010 йилда юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган «MERRYMED FARM» МЧЖ ҳам дори воситаларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади ва мазкур товар бозорида Венгриянинг «CHINOIN Gyogyszer es Vegyeszeti Termekek Gyara Zrt.» компанияси билан рақобатчи ҳисобланади.
Сўнги пайтларда «MERRYMED FARM» МЧЖ томонидан бир қатор нуфузли ва таниқли дори ишлаб чиқарувчиларнинг дунёга машҳур брендларини қалбакилаштириш ҳолатларига йўл қўйила бошланди. Масалан, корхона томонидан ишлаб чиқарилган «НОШ-ПЕН MR/NOSH-PEN MR» дори воситаси номидаги «НОШ-ПЕН/NOSH-PEN» сўзлари ва дори қутисининг ранг-график ечими «CHINOIN Gyogyszer es Vegyeszeti Termekek Gyara Zrt.» компаниясининг юқорида келтирилган товар белгилари билан фонетик ва график жиҳатдан адаштириб юбориш даражасида ўхшашликка олиб келган ва бу ҳолат истеъмолчида шу дори воситалари битта ишлаб чиқарувчига қарашли деган тасаввур пайдо бўлишига имкон яратган.
Махсус комиссиянинг 16.02.2021 йилдаги қарорига кўра, «MERRYMED FARM» МЧЖ “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси биринчи қисми учинчи хатбошиси бузилган деб топган ва жамиятга ушбу қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан аниқ кўрсатма берилган. Бироқ «MERRYMED FARM» МЧЖ кўрсатма талабларини бажармаган ва кўрсатманинг биринчи бандидаги «НОШ-ПЕН MR/NOSH-PEN MR» дори воситасининг фойдаланилган ва фойдаланилмаган қутиларини ҳамда блистерларини йўқ қилиш талаби устидан судга мурожаат қилган.
Шу билан бирга, «MERRYMED FARM» МЧЖ кўрсатманинг қолган талабларини, яъни «НОШ-ПЕН MR/NOSH-PEN MR» дори номидаги «НОШ-ПЕН/NOSH-PEN» белгисини ва ушбу дори воситаси қутисининг ранг-график ечимини ўзгартириш юзасидан қўйилган талабларни ҳам ижро қилмай келган.
Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасига асосан монополияга қарши орган ўз кўрсатмалари ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириши белгилаб қўйилган.
Юқоридаги ваколатга асосан, қўмита томонидан «MERRYMED FARM» МЧЖдан бир неча бор ушбу талабларни бажариши сўралган, бироқ корхона ҳар сафар кўрсатма талаби ижросидан қочиб, фуқаролик муомаласида бўлган дори воситаларини кўпроқ сотилиб кетишига шароит яратиш учун вақтдан ютиш мақсадида турли кўринишдаги асоссиз жавобларни тақдим қила бошлаган.
Масалан, кўрсатма судда кўрилаётганлиги сабабли уни ижро қилинмаслиги. Бу ҳолатда Қўмита томонидан корхонага, судда кўрсатманинг битта банди кўрилаётганлиги, бу эса унинг бошқа бандларини ижро қилинишига тўсиқ бўла олмаслиги тушунтирилган.
Ёки «MERRYMED FARM» МЧЖ томонидан дори воситаси номини «МЕР НОШ-ПЕН/NOSH-PEN MЕR» кўринишида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот тақдим қилиниши. Бу ҳолатда ҳам Қўмита томонидан ўзгартириш дори воситаси номининг фақат «МР/MR» қисмида «МЕР/MЕR» кўринишида амалга оширилганлиги, кўрсатмада кўрсатилган “НОШ-ПЕН/NOSH-PEN” қисми эса ўзгаришсиз қолганлиги, бундан ташқари, дори воситалари қутиларини ранг-график ечимини ўзгартириш бўйича ҳам ҳеч қандай иш амалга оширилмаганлиги тушунтирилган.
Бироқ, «MERRYMED FARM» МЧЖ томонидан юқорида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилмаган ва Қўмита кўрсатмаси ҳам, хатлари ҳам ижросиз қолган.
«MERRYMED FARM» МЧЖнинг бу ҳаракатлари Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 178-моддаси биринчи қисмидаги, яъни монополияга қарши органга ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларга ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд уларга била туриб ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этиш ва учинчи қисмидаги, яъни монополияга қарши органнинг қоидабузарликларни тугатиш тўғрисидаги, дастлабки ҳолатни тиклаш ҳақидаги, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш, ўз вақтида бажарилмаган деб топилган.
Натижада «MERRYMED FARM» МЧЖ мансабдор шахсига белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилган ва унга Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 16.10.2021 йилдаги қарорига асосан жаримага тортилган.
Қўмитанинг навбатдаги сўров хатига «MERRYMED FARM» МЧЖ «НОШ-ПЕН MR/NOSH-PEN MR» ва «МЕР НОШ-ПЕН/NOSH-PEN MЕR» номли дори воситаларини ишлаб чиқармаётганлигини, “МЕРНОСПЕН/MERNOSPEN” кўринишидаги товар белгиси белгиланган тартибда Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатга олинганлигини маълум қилган. Бугунги кунда «CHINOIN Gyogyszer es Vegyeszeti Termekek Gyara Zrt.» компанияси эътирози йўқлигини маълум қилган. Монополияга қарши орган кўрсатмасининг ижроси ва қонун устуворлиги таъминланди.