28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари бир-бирини ва қардош халқларимизни муборак Қурбон ҳайити билан дилдан қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этдилар.
Кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Олий даражадаги келишувларга мувофиқ сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорлик юқори суръат ва самарали тус олгани қайд этилди.
Юртимизда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда. Йил бошидан буён қарийб 100 та янги қўшма корхона ташкил этилди.
Жорий йил 1 июль кунидан бошлаб Имтиёзли савдо тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг кучга кириши ўзаро савдо ҳажмининг янада ортишига хизмат қилади. Икки мамлакат шаҳарлари ўртасида авиақатновлар кўпаймоқда.
Суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди. Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.