Пойтахтимизда ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирлари доирасида 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, инвестициялар, инновациялар ва транспорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзаро мулоқотлар фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Икки томонлама савдода ўсиш суръати сақланиб қолмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари биргаликда амалга оширилмоқда.
Илгари олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги, логистикада ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Эрон раҳбарлари маданий-гуманитар ва илм-фан соҳасидаги алмашинувларни ривожлантириш муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.
Шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан Афғонистондаги бугунги вазият нуқтаи назаридан кўриб чиқилди.