Ҳурматли Касаба уюшмалари фаоллари ва аъзолари!
Сизларни, сизлар орқали барча касаба уюшмалари аъзоларини “Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни” байрами билан чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу ният ва тилакларимни билдираман.
Бугунги кунда касаба уюшмалари жамиятимизнинг муҳим бир бўғинига айланган энг йирик жамоат ташкилоти сифатида эътироф этилаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг саккизинчи Қурултойи зарҳал ҳарфлар билан битиладиган қатор воқеликларга бой тарзда тарихга кирди ва унда илк бор давлатимиз раҳбарининг делегатларга табриги йўлланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев йўллаган табригида сўнгги 5 йилда касаба уюшмалари тизимида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилганлигини, меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ишлари янги босқичга кўтарилганлигини, мамлакатимиздаги энг йирик фуқаролик институти бўлган касаба уюшмаларининг ўрни ва роли ошиб бораётгани алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба 11 ноябрь – “Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни” этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонунининг қабул қилиниши ва бошқа қатор нуфузли тузилмалар билан яқин алоқаларнинг йўлга қўйилаётгани, аҳолининг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашда касаба уюшмалари Ҳукуматнинг тенг ҳуқуқли ҳамкорига айланаётганлиги, буларнинг барчаси Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг бутунлай янги босқичга кўтарилганининг далолатидир.
Бугунги кунда Монополияга қарши курашиш қўмитаси тизимида 24 га яқин бошланғич ташкилотлар ўз сафида 450 дан зиёд аъзоларни бирлаштирган ҳолда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида 2019-2022 йилларга мўлжалланган Тармоқ келишуви имзоланган.
Давлатимиз раҳбарининг касаба уюшмалари ҳақидаги “Ҳар қайси корхона ёки ташкилотда албатта касаба уюшмаси фаолият кўрсатиши ва раҳбарлар албатта улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши шарт. Шундагина жамиятимизда меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олди олинади, ҳаётимизда ижтимоий адолат янада мустаҳкам қарор топади” деб таъкидлаган фикрларидан келиб чиқиб, биз бу йўлда ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, тармоқ (тариф) келишувлари ва жамоа шартномалари таъсирчанлигини ошириш борасидаги фаолиятимизни янада оширишга қаратилган ишларни изчил давом эттирамиз.
Касаба уюшмаларининг муносиб меҳнат шароитларида меҳнат қилиш, иш ҳақи, бандлик, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, республикамиздаги диққатга сазовор қадамжоларга саёҳатлар ташкил этиш, ёзги мавсумда болаларнинг оромгоҳларда дам олишларини ташкиллаштириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.
Сизларни бугунги айём – Касаба уюшмалари куни билан самимий қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли ва хайрли ишларингизда зафарлар тилайман.
Хонадонларингизни тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахт ва омад ҳеч қачон тарк этмасин!
Ўзбекистон Республикаси
Монополияга қарши курашиш
қўмитаси раиси Ш.Ш. Шарахметов