Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни Қатар Давлатининг Қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича маркази Васийлик кенгаши раиси Али Муҳсин ал-Маррий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида раис ал-Маррий давлатимиз раҳбарига Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортмоқда, йирик қўшма лойиҳалар тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.
Бўлажак муҳим халқаро тадбир – Қатар Амири ташаббуси билан таъсис этилган “Коррупцияга қарши курашишда улкан ютуқлар учун” глобал мукофотини топшириш маросимини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма таълим дастурларини амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.