Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 15 сентябрь куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Тожикистон томони раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосари Адилбек Қасималиев ва БМТ Бош котибининг махсус вакили – Марказий Осиё учун превентив дипломати бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, Тожикистоннинг 2020-2023 йилларда жамғармага раислиги якунлари сарҳисоб қилинди, Орол денгизи ҳавзасида экология, сув хўжалиги ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди ҳамда жамғарма доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида Тожикистон Республикаси ҳамраислигида Глобал сув конференцияси муваффақиятли ўтганини алоҳида қайд этди. Ушбу тарихий тадбир якунларига кўра, Марказий Осиёнинг сув соҳасидаги ҳаётий муҳим масалалари ва муаммоларига бутун халқаро ҳамжамият эътиборини жалб этишга эришилди.
Давлатимиз раҳбари тузилма ташкил этилганидан буён ўтган 30 йилда Орол денгизи ҳавзасида экологик хавф-хатарларга қарши курашиш масалаларни ҳал этиш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни ишлаб чиқишда жамғарманинг ўрни ва аҳамиятини таҳлил қилди.
– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси – бу, аввало, Марказий Осиё мамлакатларининг глобал миқёсдаги энг ўткир муаммолардан бирини ечиш бўйича кўп томонлама ҳамкорлик борасидаги ноёб тажрибасидир, – деди Президентимиз.
Глобал иқлим ўзгаришлари оқибатида вужудга келаётган янги хавф ва таҳдидлар шароитида бундай минтақавий ҳамкорликнинг ўрни ва аҳамияти янада ортиб бораётгани таъкидланди. Марказий Осиёда сув тақчиллиги муаммоси ўткир ва муқаррар тус олди ҳамда бундан буён у тобора чуқурлашиб бораверади.
Ўзбекистон етакчиси кўп томонлама шериклик самарадорлигини ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан таъминлаш бўйича муҳим вазифалар турганини қайд этиб, сув-экология соҳасидаги ҳамкорликка оид қатор амалий таклифларни илгари сурди.
Жамғарманинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва институционал механизмларини модернизация қилиш доирасида асосий ҳужжат ва битимларни хатловдан ўтказиш ва қайта кўриб чиқиш, амалдаги тузилмани таҳлил қилиш ва жамғарма таркибидаги ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва самарасини ошириш борасида таклифлар тайёрлаш, унинг фаолияти ва ҳамкорлик масалаларини аниқ тартибга солувчи “Қоида ва тартиб-таомиллар”ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
– Жамғармани ривожлантириш ва ислоҳ этиш жараёнларини тармоқлараро тамойил асосида, яъни замонавий экологик таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, “сув – энергетика – озиқ-овқат” тартибидаги комплекс ёндашувлар негизида амалга ошириш муҳимдир, – алоҳида таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Асосан миллий режалар йўналишида амалга оширилаётган Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига ёрдам кўрсатиш бўйича тўртинчи дастурнинг ижроси ташвишга соладиган ҳолатда эканини билдириб, Ўзбекистон Президенти жамғарма бошқарувига амалдаги дастурни танқидий қайта кўриб чиқиш топшириғини бериш ҳамда ҳар бир минтақавий лойиҳанинг ҳажмини ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда, “йўл хариталари”ни, уларнинг ижроси бўйича келишилган жадвални тайёрлашни таклиф этди.
Устувор минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун инвестиция, технология ва техник кўмакни жалб этиш масалалари бўйича тизимли ҳамкорликни ҳам кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан мамлакатларимизнинг ҳар бири аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда, минтақавий лойиҳаларга четдан кўмакни жалб этиш бўйича ўзига мажбурият олиши ҳамда раислик қилувчи томоннинг мувофиқлаштириши асосида инвестицияларни ва техник кўмакни жалб қилиш ва тақсимлаш механизмларини ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.
Бундан ташқари, хорижий шериклар, етакчи халқаро институтлар ва донор ташкилотларни жалб этган ҳолда, қўшма лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш мақсадида махсус минтақавий конференция ўтказиш таклиф этилди.
Ўзбекистон раҳбари минтақамизда сув-энергетика ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш сиёсатини мувофиқлаштириш мақсадида халқаро консультантлар иштирокида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган режалар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.
– Сув ва бошқа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш, махсус дастурни қабул қилган ҳолда, ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлаш масалаларида ёшлар билан ишлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу масалаларни кўриб чиқишда Превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ фаол жалб этилишига аминмиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Экотизимлар таназзули янада кучайишининг олдини олишда, энг аввало, Орол денгизи ҳудудидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб, Президентимиз ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Оролбўйидаги экологик ва ижтимоий вазиятни яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
– Сўнгги бир неча йил давомида Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар ўрмонзорлар яратилди. Яқин икки йилда яна 400 минг гектар яшил ҳудудлар барпо этиш режалаштирилмоқда. Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, шунингдек, Оролбўйида биохилма-хилликни сақлаш учун 3,5 миллион гектардан ортиқ майдонда табиат парклари, қўриқхоналар ва давлат ҳимоя ҳудудлари яратилди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича катта миқёсдаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Охирги 7 йил мобайнида мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг тўртдан бир қисмини ташкил этадиган 1 миллион гектардан ортиқ майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди.
Ҳамкорларга сувни тежаш соҳасини жамғарма фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб, бу борада ҳамкорликни кучайтириш таклиф этилди. Шу масалаларнинг барчасини комплекс кўриб чиқиш мақсадида сув ресурслари, энергетика, экология ва иқтисодиёт вазирларининг доимий учрашувлари бўйича Минтақавий платформани таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди.
Ўзбекистон Президенти “Қўштепа” канал қурилиши бўйича ҳам ўз фикрини билдирди. Таъкидланганидек, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида янги иштирокчи пайдо бўлди. Шу муносабат билан канал қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш, шунингдек, Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида бугунги саммитда илгари сурилаётган ташаббуслар ва қабул қилинаётган ҳужжатларнинг амалга оширилиши жамғарма доирасида халқларимиз фаровонлиги ва бутун Марказий Осиё минтақасининг гуллаб-яшнаши йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Йиғилишда Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон раҳбарлари ва Қирғизистон Ҳукумати аъзоси ҳам сўзга чиқди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Тадбир якунида жамғарма таъсисчи давлатлари қуйидаги ҳужжатларни имзоладилар:
– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг Душанбе баёноти;
– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг Тожикистон Республикасининг ОҚХЖдаги раислиги якунлари тўғрисида қарори;
– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2024-2026 йилларга ОҚХЖ президенти этиб сайлангани тўғрисидаги қарори;
– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг ОҚХЖ ташкилий тузилмаси ва шартнома-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича фаолият тўғрисидаги қарори.
2024-2026 йилларда ОҚХЖга раислик Қозоғистон Республикасига ўтди.