Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқотида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва фаол гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди.
Беларусь Президенти давлатимиз раҳбарини Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий қутлаб, Ўзбекистонга катта муваффақиятлар ва равнақ тилади.
Ўзаро савдо ҳажми ошиб, тиббиёт, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда амалга оширилаётган лойиҳалар сони кўпайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Жорий йилнинг апрель ойида Беларусда Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди, май ойида Тошкент шаҳрида биргаликда суратга олинган кинофильм премьераси бўлиб ўтди.
Икки мамлакат етакчилари томонидан Ўзбекистон-Беларусь ҳукуматлараро комиссияси ишини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Минтақавий ташкилотлар, шу жумладан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.