ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РАҚОБАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҚЎМИТАСИ
“Молиявий саводхон ёш истеъмолчи” билимлар танлови тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
- Мазкур Низом олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Молиявий саводхон ёш истеъмолчи” билимлар танловини (онлайн олимпиадасини) (кейинги ўринларда – танлов) ташкил қилиш, ўтказиш тартиби ва шартларини белгилайди.
- Танлов Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда – ташкилотчилар) билан ҳамкорликда ташкил этилади.
II. Танловнинг мақсади ва вазифалари
- Танловнинг асосий мақсади ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимдонликни кучайтириш, уларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, молиявий саводхонлик ва молиядан масъулиятли фойдаланиш соҳаларидаги билимларини янада ошириш ҳамда синовдан ўтказиш, ёшларнинг молиявий билим ва кўникмаларини юксалтириш, молиядан тўғри ва самарали фойдаланишга ҳамда тезкор қарор қабул қилишга ўргатишдан иборат.
- Танловнинг асосий вазифалари ёш авлодни ҳуқуқий жамиятга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва билимли истеъмолчи сифатида шакллантириш, хусусан уларни мустақил ва эркин фикрловчи, қатъий позицияга эга бўлган юксак билимли, интеллектуал салоҳиятли, пул маблағлари ҳамда шахсий (оилавий) сармоядан масъулиятли ва самарали фойдаланувчи, ўз ҳуқуқ ва истеъмолчилик манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилувчи шахс сифатида тарбиялашдан иборат.
III. Танловни ўтказиш тартиби
- Танлов республика ҳудудида фаолият юритаётган давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларининг кундузги таълим шаклида бакалавриат таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалари ўртасида ўтказилади.
- Танлов 2 (икки) босқичда ўтказилади:
I-босқич. Иштирокчилар томонидан 30 та тест саволларига онлайн тарзда жавоб юборилади.
Бунда, 30 та тест саволлари учун ажратилган жами 45 дақиқа давомида саволларга келтирилган 4 та вариантдан фақат энг мақбул бўлган битта жавобни танлашлари лозим. Ҳар бир тўғри жавоб учун 1 балл берилади.
Тест саволлари ва унга жавоблар (вариантлар) Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида берилади.
II-босқичда иштирок этиш учун талабалар https://olimpiada.edu.uz/ электрон тизимида рўйхатдан ўтишлари лозим. Танловда иштирок этиш истагида бўлган талабгорнинг тизим маълумотлар базасида бўлиши ёки мавжуд эмаслиги ёхуд мавжуд маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгарликни Ташкилотчилар ўз зиммасига олмайди.
Электрон тизимда рўйхатдан ўтган талабалар Танловнинг I-босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Рўйхатдан ўтиш танловда ихтиёрийлик асосида иштирок этиш учун ва мазкур Низомнинг барча шартларига сўзсиз розилик билдирилганлигини англатади.
Танловнинг саралаш босқичи (I-босқич) масофавий форматда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг онлайн олимпиадалар платформасида (https://olimpiada.edu.uz/) бўлиб ўтади.
II -босқич. Мазкур босқичда иштирокчиларга онлайн равишда ZООМ платформаси орқали танлов комиссияси вакиллари томонидан мавзуга оид 5 тагача савол берилади. Иштирокчилар саволларга мустақил равишда жавоб беришлари лозим.
Саволларга жавоб бериш муддати умумий 10 дақиқадан ошмаслиги лозим.
Ҳар бир саволга тўғри жавоблар 10 баллгача баҳоланади, жами 50 балл.
Саволларга жавоблар талабаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этишга, уларни ҳурмат қилишга, ҳуқуқий, ҳаётий, ижодий ва ақлий ёндашганлик, маъно ва мазмундорлик, ёшларга хослик мезонларига асосан кўриб чиқилади.
- Муддатлар.
https://olimpiada.edu.uz/ электрон тизимида рўйхатдан ўтиш талабгорлар учун 2023-йил 1-март куни соат 09:00 дан бошланади (очилади) ва 2023-йил 5-март куни соат 18:00 да тўхтатилади (ёпилади).
I-босқич тест саволлари 2023-йил 6-март куни соат 15:00 дан 16:00 га қадар ўтказилади.
II-босқич (савол-жавоб) жараёнлари 2023-йил 10-март куни ZООМ платформаси орқали ўтказилади. Савол-жавоблар Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида бўлиб ўтади.
Бунда, вақтлар (соатлар) Тошкент вақти билан кўрсатилган ва амалга оширилади.
- Иштирокчилар ЗООМ платформаси орқали уланиш учун техник (моддий) имкониятга эга бўлмасалар, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига (ҳавола: https://raqobat.gov.uz/qo-mita/hududiy-boshqarmalar/) келиб топширишлари мумкин.
ZOOМ платформаси орқали уланиш учун ҳавола (конференция идентификатори ва кириш коди) ва уланиш вақти тўғрисида И-босқич ғолибларига индивидуал тарзда (телефон, алоқа воситалари, электрон почта орқали) ва/ёки https://olimpiada.edu.uz/ электрон тизимидаги шахсий кабинети орқали хабардор қилинади.
- Танлов босқичлари ўтказилиши белгиланган кунда (вақтда, соатда) сабабсиз қатнаша олмаган ёки навбатдаги босқичлар тўғрисида хабарсиз қолган талабалар учун масъулиятни ташкилотчилар ўз зиммасига олмайди.
Агар, иштирокчилар шу куни узрли сабаб билан қатнаша олмаса ёки ташкилий ишлар қўшимча вақт талаб қилса, савол-жавоб босқичи бошқа кунда (вақтда) ҳам ўтказилишига йўл қўйилади.
IV. Ғолибларни аниқлаш, эълон қилиш ва тақдирлаш
10. I-босқич тест саволларига жавоблар автоматик равишда ҳар бир иштирокчининг ўзига эълон қилинади.
II-босқич иштирокчиларидан жами 30 нафар ғолиблар (II-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганлар) қуйидагича аниқланади (Эътибор беринг!):
Танловда олий таълим муассасалари ва талабаларнинг кенг иштирокини таъминлаш мақсадида, ҳар бир олий таълим муассасаси ва унинг филиалидан тест саволларига энг кўп тўғри жавоб берган (юқори балл тўплаган), бироқ 17 баллдан юқори балл тўплаган бир нафардан иштирокчи I-босқич ғолиби сифатида II-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган деб ҳисобланади.
Бунда, айни бир олий таълим муассасаси ва унинг филиали талабасининг тўплаган баллари тенг бўлган тақдирда, иштирокчининг ёши ва тест ечиш учун сарфлаган вақти инобатга олинади.
Агар, иштирокчилар таҳсил олаётган олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари сони 30 тадан кам бўлса, ҳар бир олий таълим муассасаси ва(ёки) унинг филиалидан тенг ва мутаносиб миқдорда тест саволларига энг кўп тўғри жавоб берган (юқори балл тўплаган) иштирокчилар I-босқич ғолиби сифатида II-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган деб ҳисобланади. Мисол учун, I-босқичда жами 10 та олий таълим муассасаси ва(ёки) унинг филиалидан талабалар иштирок этган бўлса, ҳар бир таълим муассасасидан 3 тадан энг юқори балл тўплаган талаба танлаб олинади. Агар 12, 18 ёки 29 та таълим муассасаси талабалари иштирок бўлса, тўпланган баллар (17 баллдан юқори) инобатга олинади, яъни 29 та таълим муассасасидан энг юқори балл тўплаган 29 нафар талаба+яна битта таълим муассасасидан юқори балл тўплаган бир нафар талаба қўшилади. Бунда, 17 баллдан юқори натижага эга бўлган талабалар инобатга олинади. Бир таълим муассасасида ўқиётган талабаларнинг барчаси 17 баллдан паст натижага эга бўлса, ушбу таълим муассасаси ва иштирокчи талабалари саралашга қўйилмайди. Агар 30 тадан кўп таълим муассасаси талабалари иштирок бўлса, тўпланган баллар, иштирокчиларнинг ёши ва тест ечиш учун сарфлаган вақти инобатга олинади.
- Якуний II-босқич (савол-жавоб) жараёнларини ўтказишда иштирок этиш учун жами 5 нафардан иборат танлов комиссияси тузилади.
Шундан, танлов комиссияси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Марказий банк, Ёшлар ишлари агентлиги вакилларидан иборат бўлади. Шу билан бирга, кузатувчи сифатида German Sparkassenstiftung (Германия) ташкилоти вакили ҳам иштирок этиши мумкин.
- Танлов тафсилотлари, шу жумладан танловнинг II-босқичига муваффақиятли ўтган иштирокчилар рўйхати Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг https://raqobat.gov.uz/, https://consumer.gov.uz/ расмий веб-сайтлари ва (https://t.me/RaqobatGovUz, https://t.me/consumeruz) телеграмм каналлари орқали эълон қилиб борилади.
- Танловнинг I-саралаш босқичи ғолиблари (II-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганлар рўйхати) 2023-йил 7-март куни ва танловнинг якуний ғолиблари рўйхати 2023-йил 15-мартгача эълон қилинади.
- Танлов ғолиблари қуйидаги тартибда аниқланади ва тақсимланади:
1 та – I ўрин;
1 та – II ўрин;
1 та – III ўрин;
1 та – “Энг ёш молиявий зукко истеъмолчи” номинацияси.
Бунда, ғолибларни аниқлашда I-босқичда тўплаган баллари ва II-босқич саволларига берган жавоблари натижалари, хусусан иштирокчининг ҳозиржавоблиги, саволларга ҳуқуқий, ҳаётий, ижодий ва ақлий ёндашганлиги инобатга олинади.
- Танлов ғолиблари ташкилотчилар ҳамда ҳамкорлар (German Sparkassenstiftung ташкилоти ва бошқалар) томонидан ажратилган қимматбаҳо совғалар ва махсус диплом билан тақдирланади. Шунингдек, II -босқичда иштирок этган барча 30 нафар иштирокчиларга сертификат берилади.
Шундан, I-ўрин соҳибига ноутбук, II -ўрин соҳибига планшет, III -ўрин ва битта номинация ғолибига телевизор совға қилинади.
- Ғолибларга совғалар Тошкент шаҳрида 2023-йил 15-мартгача ташкилотчилар томонидан тантанали равишда тақдим этилади. Агар, ғолиб тантанали тақдирлаш маросимида иштирок эта олмаса ёки Тошкент шаҳрига етиб кела олмаса, ғолибга совғалар 2023-йил 24-март кунига қадар топширилади.
V. Якуний қоидалар
17. Тадбирда фаоллик кўрсатган ва ташаббускор талабаларни кейинчалик Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларида малака ошириш, иш ўрганиш ва бошқа меҳнат муносабатларини ўрнатиш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.
18. Танлов ҳақидаги эълонлар ва унинг тафсилотлари, шу жумладан танлов ғолиби тўғрисидаги маълумотлар (унинг шахси, тақдирлаш маросимига оид фото ва видеолавҳалар) ташкилотчи ва ҳамкорларнинг ахборот каналларида ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритилади.
19. Тест саволларидан нусха, шу жумладан фотонусха олиш, уларини кўчириб олиш ва тарқатиш тақиқланади.
20. Ташкилотчи ва танлов комиссиясининг қарорлари қайта кўриб чиқилмайди.
Юзага келган келишмовчиликлар музокаралар ўтказиш орқали ҳал қилинади.
21. Танлов юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ташкилотларга тақдим этилиши мумкин.
71 207-47-00 (321)