Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши раиси томонидан тасдиқланган рўйхатга асосан ҳудудий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда уни мониторинг қилиб бориш мақсадида Миллий кенгаш аъзолари ҳудудий кенгашларга бириктирилган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси рўйхатга асосан Бухоро вилоятига бириктирилган. Мамлакатимизда коррупцияни енгиш, ҳокимият амалдорларининг ҳалол ишлашини таъминлаш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, халққа очиқ-ошкора ва адолат тамойилига мувофиқ хизмат қилиш бугун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб. Коррупция иллати давлат ва жамият учун катта хавф-хатар эканлигини бугун минг афсуски, халқ хўжалигининг турли тармоқларида кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу борадаги фармон ва қарорлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Аммо шунга қарамасдан, бу иллатга хос қонунбузарлик ёки жиноят сони хусусан, вилоятимизда камаймаётгани ташвишли, албатта. Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган Бухоро вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши мазкур иллат ва жиноятларга қарши кураш самарадорлиги, хусусан, вилоят мактабгача таълим бошқармаси тизимида қайд қилинаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, бу тармоқда давлат ҳаридларига дахлдор қонунбузилиш ҳолатлари таҳлилига бағишланди.
Кун тартибидаги масала юзасидан айни кунда вилоятда ўрганишларини олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги директорининг ўринбосари Талъатжон Ҳайдаров бошчилигидаги гуруҳ, жумладан, республика Олий суди бўлим бошлиғи Анвар Ҳусанов, республика Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бошқарма бошлиғи Дилфуза Насирова, мазкур қўмитанинг Савдоларни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Мирзоҳид Камиловлар фикр-мулоҳазалари эшитилиб, коррупцияга қарши курашиш Агентлиги вилоят ҳудудий Кенгаши фаолияти самарадорлигига эътибор қаратилди.
Йиғилишда бу каби салбий ҳолатлар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотлар самараси ва халқ ишончига путур етказаётгани қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 14 апрель куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Қўмитанинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ушбу масала юзасидан 1-чорак якунига бағишланган йиғилиш ўтказилган эди.