Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сон фармони, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, бошқарма истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ишонч телефони, электрон почта, ижтимоий тармоқларда саҳифалар ва бошқа интерактив ахборот ресурслари орқали аҳолидан тезкор равишда мурожаатлар қабул қилиш тизимларини йўлга қўйган.
Ўтган 2021 йилда ҳудудий бошқарма томонидан 830 та мурожаат кўриб чиқилиб, 781 та истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланган, 49 та мурожаат ваколатли органларга юборилди. Бунинг натижасида истеъмолчи фойдасига 2 млрд 136 млн 900 минг сўмлик маблағлар қайта хисоб-китоб қилиб берилди. Ушбу мурожаатларни соҳалар кесимида таҳлил қилинганда уй-жой коммунал ва транспорт соҳасида 367 та, савдо, умумий овқатланиш соҳасида 269 та, алоқа ва молиявий хизматлар соҳасида 137 та, реклама ва бошқа соҳаларда 57 тани ташкил этади.
Шунингдек, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши бўйича 31 та субъектга нисбатан иш қўзғатилиб, қонун бузилиши ҳолатларини тугатиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан 31 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Шунингдек, «Навоий КМК» ДК, “Иссиқлик манбаи” ДУК ҳамда “Навоий сув таъминот” МЧЖлари томонидан аҳолига ичимлик суви етказиб берилишида ва оқава сувларни чиқариш хизматлари кўрсатилишида, белгиланган тарифларга ва меъёрларга риоя қилиниши юзасидан қайд этилган корхоналардан сўров асосида олинган маълумотлар асосида ўрганиш ўтказилди.
Агентликнинг асосий иш режасининг 3-бўлим 10-бандига асосан 2020-2021 йиллар иситиш мавсумида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар ҳолати, янги тўлов тизимини (янги тарифларни) ҳақиқатда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилган давр учун қўлланилиши, 2019-2020 йиллар иситиш мавсуми учун иссиқлик таъминоти хизматларига аванс билан (12 ойга) пул тўлаган истеъмолчиларга қўшимча тўловлар ҳисобланиши юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилиб, унга кўра 7 та хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати томонидан иссиқлик энергияси учун тарифларни нотўғри қўлланилиши натижасида истеъмолчилардан 53 млн.сўм ортиқча олинган маблағлар аниқланиб, уларни қайта ҳисоб-китоб қилиб, истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилди.
Электр энергиясидаги узилиш (ўчириш), электр энергияси истеъмолини чеклаш жадвалига мувофиқ ҳамда белгиланган тартибларга асосан етказилиши юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Коммунал корхоналар билан хамкорликда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида, ахолига табиий газ, электр энергия, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатувчи корхоналарга истеъмолчилардан келиб тушадиган мурожаатларнинг ижроси юзасидан тизимли равишда кунлик электрон маълумот олиниб, таҳлил қилиб борилмоқда.
Агентликнинг тегишли топшириғига асосан таълим муассасалари тасарруфидаги ётоқхоналар фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказилди. Ўрганишда таълим муассасалари тасарруфида бўлган ётоқхоналарда ётоқхонадан фойдаланганлик учун бир йиллик тўлов миқдори, 2020/2021 ўқув йили учун жойлаштирилган талабалар ҳамда улар билан тузилган шартномалар, ҳар бир талаба бўйича ётоқхонадан фойдаланганлик учун ҳисобланган ва ҳақиқатда амалга оширилган тўловлар таҳлил қилинди.
Таҳлил натижасига кўра, 1371 нафар талабага 272,4 млн сўм ётоқхонадан фойдаланганлик учун ошиқча маблағ ҳисобланганлиги хамда истеъмолчиларнинг хуқуқларини чеклаб қўйиши мумкин бўлган бандлари мавжудлиги аниқланди.
Ўзкомназорат (ГИС), Алоқа вазирлиги ва “Электромагнит мослашув маркази” ДУКларнинг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда жойларда алоқа (мобил, интернет, мобил-интернет, рақамли ТВ) хизматлари сифатини, белгиланган (тариф режасида, оммавий офертада кўрсатилган) кўрсаткичларга мослиги юзасидан ўрганишлар ўтказилди.
Ўрганиш натижасида Навоий вилояти ҳудудида жами 628 та аҳоли яшаш масканлари мавжуд бўлиб, интернет тармоғи билан қамров даражаси (аҳоли пунктларига нисбатан) 85,1 фоиз ҳамда кенг поласали мобил алоқа қамрови даражаси(аҳоли пунктларига нисбатан) 90,3 фоиз, Оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олинганлик улуши (аҳоли пунктларига нисбатан) 80 фоиз таъминланганлиги маълум бўлди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича бир қанча семинарлар ва тарғибот тадбирлари амалга оширилди.
Рекламаларнинг жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича жами 479 та мониторинг ўтказилган ва 139 та ҳолатда камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Тақдим этилган реклама эскизларини амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан 48 та экспертиза ва таҳлиллар ўтказилиб, уларнинг 21 тасига қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги ҳақида хулосалар берилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаган тадбиркорлик субъектлари рейтингини юритиш ва ташқи реклама объектларини рақамли мониторинг қилиш тизими жорий қилинган.
Шу билан бирга, бошқарма томонидан ўтказилган таҳлил ва ўрганишлар коммунал, молия, алоқа ва бошқа турдаги хизматлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларининг тизимли равишда бузилиши ҳолатлари мавжудлигини кўрсатди.
Тижорат банклари томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган айрим хизматлар бўйича тузилаётган шартномаларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлилларда, 56 та турли камчиликлар, хусусан омонат, истеъмол кредити, авто кредит, ипотека кредити, банк карталари ва шу каби бошқалар хизматлар бўйича тузилаётган шартномаларнинг қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги, жумладан истеъмолчиларининг ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартларнинг мавжудлиги, шартнома номи ва предметининг бир-бирига зидлиги, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тенг белгиланмаганлиги ва бошқа бир қатор истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини камситувчи ҳамда уларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўядиган нормалар мавжудлиги аниқланган.
Низомиддин Исаев
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари-Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи