Ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 549-сон қарори юзасидан қилинаётган айрим талқинлар юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қуйдагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги 549-сон қарори назарда тутилган нормаларга ўзгартириш киритишлар бўйича янги қоидалар халқаро ташкилотлар ва халқаро экспертлар тавсияларини инобатга олган ҳолатда халқаро тажрибадан келиб чиқиб ишлаб чиқилган. Жумладан,Қуйдаги янги тартиблар назарда тутилган:
1.Рақобатга қарши келишув тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган шахс бу ҳақда монополияга қарши кураш органига биринчи бўлиб ихтиёрий хабар қилса, унга молиявий санкциялар қўлланилмайди.
Рақобатга қарши келишув тузилганлигини ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатлар улар хуфиёна содир этилиши сабабли уларни аниқлаш қийин. Бунда биринчи бўлиб у тўғрисида хабар берган шахс монополияга қарши органга қонун бузилишни очишда кўмаклашган ҳисобланади.
Шу боис, халқаро тажрибани (Нидерландия, Венгрия ва бошқаЕвропа иттифоқи мамлакатлари) инобатга олиб ушбу тартиб белгиланмоқда.
Ушбу тартибни назарда тутувчи асослар Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 3 июлдаги ЎРҚ-850-сон “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 20-моддасида ҳамда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 6 июлдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-108-сон Фармони 3-банди ҳам тегишлича белгиланган эди.
Шу боис, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сон қарори билан тасдиқланган Низомга, рақобатга қарши келишувни тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган шахс бу ҳақида монополияга қарши органга биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар қилса, ушбу шахсга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмаслигини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган.
2.Монополияга қарши орган рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликнинг иқтисодий таъсири паст ҳолатлар бўйича биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларига молиявий санкциялар белгилаш ва ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмайди, уларга профилактик тушунтириш тадбирлари амалга оширади.
Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликнинг оқибати ҳар доим ҳам жиддий бўлмасдан, айрим ҳолларда иқтисодий таъсири паст бўлиши мумкин, ушбу ҳолатларда қонунчиликни бузган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан йирик жарималар қўлланилиши адолатсиз ҳисобланади, шунингдек, халқаро экспертлар тавсияларида ҳам буларга тўхталиб ўтилган эди.
Бундай ҳолатлар жумласига қуйидагиларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин:
товар ва молия бозорларини таҳлил қилишда монополияга қарши органга унинг сўровига асосан маълумотларни тақдим этмаслик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик;
савдолар ўтказилишида уларни ўтказиш тартибини бузилиши:
савдолар бўйича якуний натижаларини эълон қилиниши ёки савдолар натижалари бўйича шартномалар тузилгунга қадар аниқланганда;
савдоларни ўтказиш тартибини бузиш савдолар натижасига таъсир этмаганда;
рақобатни чеклашга олиб келган ҳаракат бозор иштирокчилари, истеъмолчиларга бевосита молиявий зарар келтириб чиқармаганда;
устун мавқега ёки устун музокара кучига эга хўжалик юритувчи субъектларнинг унинг контрагентлари ёки истеъмолчилари билан тузилган шартномаларга рақобатни чекловчи ёки камситувчи шартларни киритганлик ҳолатлари амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этилгунга қадар аниқланганда.3.Рақобат қўмитаси ходимлари танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилмайди.
Маълумки, монополияга қарши орган рақобат тўғрисидаги ва давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан назоратни амалга оширади.
Рақобат қўмитаси ходимлари танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилиши, кейинчалик танлов (тендер) комиссиялари ишини текширишда манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва танлов (тендер)ларни текширишда холислигини таъминлаш мақсадида монополияга қарши органнинг ходимлари танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилмаслиги мақсадга мувофиқ. Ушбу норма ҳам халқаро экспертлар тавсияси асосида ишлаб чиқилган.
Шунингдек, ушбу тартибни назарда тутувчи асослар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 6 июлдаги ПФ-108-сон “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони 3- бандида ҳам белгилаб ўтилган.
Ушбу фармондан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 апрелдаги 259-сон қарори билан тасдиқланган Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 декабрдаги “Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларида фойдаланишдан чиққан ерларни фойдаланишга киритишни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига Рақобат қўмитасининг ходимлари давлат-хусусий шериклик соҳаларидаги танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилмаслигини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилган.