Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хусусан шакар маҳсулоти реализацияси доимий таҳлил қилиб борилади.
Республикада йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати 900 минг тоннадан ортиқ бўлган маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчи (“Хоразм шакар” МЧЖ ва “Ангрен шакар” МЧЖ) корхоналарнинг ички эҳтиёжни (ўртача 650 минг тонна) 138 фоиздан ортиғини қоплаш имконияти мавжуд.
Бугунги кунда (3 июль) биржа савдоларида кунлик қўйилаётган 2600 тн шакар маҳсулотининг 2100 тн ёки 68 фоизи 1 кг учун ўртача 10 666 сўмдан реализация қилиниб, ўртача бошланғич нархга (11 001 сўм) нисбатан ўсиш 3 фоизни ташкил этмоқда.
Маҳаллий корхоналар томонидан жорий йил январь-июнь ойларида биржа савдоларига жами 336,7 минг тн шакар қўйилиб, 280,1 минг тн.си (83 фоизи) сотилган.
Жорий йил июнь ойида шакарнинг 1 тн.си учун ўртача сотилиш нархи спот битимларида 11,5 млн сўмгача (май ойида – 13,3 млн сўм) ўртача 14 фоизга ва форвард битимларида 10,7 млн сўмгача (май ойида – 12,5 млн сўм) ўртача 15 фоизга пасайганлиги кузатилмоқда.
Ўз навбатида, мазкур ҳолат чакана нархларга ҳам таъсир этиб, бугунги кунда ички бозорларда шакарнинг чакана нархи 12 000-13 500 сўмгача тушганлиги кузатилмоқда ёки йил бошига (13 500 – 14 500 сўмни) нисбатан 10 фоизга пасайган.
Бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари шакар хомашёсини Бразилия давлатидан харид қилишмоқда. Хусусан, жорий йил 3 июль ҳолатига мазкур заводларда 389 минг тн шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд ҳамда арзон нархларда хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланган.
Шундан, омборда 3 минг тн тайёр шакар ва 72 минг тн хомашё, август ойига қадар 314 минг тн хомашё етказиб берилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қўмита томонидан шакар маҳсулоти нархларининг кескин ошиши ҳамда вужудга келиши мумкин бўлган ҳолатларини олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги ва доимий назорат ўрнатилганлиги маълум қилинади.