Ҳурматли фестиваль қатнашчилари!
Қадрли дўстлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Барчангизни бутун дунёда очиқ осмон остидаги музей сифатида шуҳрат қозонган, кўҳна ва бетакрор Хива шаҳрида Халқаро этноспорт фестивалининг очилиши билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Юртимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу анжуманда ЮНЕСКО, ТУРКСОЙ, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси ҳамда унга аъзо давлатлар вакиллари, шунингдек, 63 та мамлакатдан қарийб 930 нафар этноспорт намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этаётгани фестивалга дунё миқёсида қизиқиш ва эътибор нақадар катта эканини яққол кўрсатиб турибди.
Мазкур халқаро анжуманнинг уч минг йилдан зиёд шонли ўтмишга эга бўлган Хоразм заминида ўтказилаётгани албатта бежиз эмас. Бу қутлуғ воҳа бизнинг бой тарих ва маданиятимиз, миллий қадриятларимизнинг қадимий бешикларидан биридир. Ушбу диёрдан етишиб чиққан Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд сингари мард ва жасур аждодларимиз, моҳир саркардаларимиз билан биз ҳақли равишда фахрланамиз.
Маълумки, халқнинг тарихи, миллий қадрият ва анъаналарини ўзида мужассам этадиган этноспорт турлари ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, жисмоний ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш, дунё давлатлари билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эга.
Шу боис, мамлакатимизда миллий халқ ўйинларини тарғиб этиш ва оммалаштириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда бу борада қатор қарорлар, жумладан, Этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш дастури қабул қилинди.
Айниқса, миллий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар тизими ташкил этилгани, Тошкент шаҳрида ҳар йили бир марта этноспорт турлари бўйича республика фестивали, Хива шаҳрида эса икки йилда Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш йўлга қўйилгани бу борадаги муҳим амалий қадамларимиздир.
Юртимизда ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини оммалаштириш ва ривожлантириш, спорт мусобақаларини ташкил этиш бўйича ҳудудий дастурлар қабул қилинди.
Айрим этноспорт турлари бўйича бошқарув тизими ҳамда спортчи ва тренерлар захираси шакллантирилгани, мусобақаларни доимий ўтказиш ва уларни молиялаштириш жорий этилгани бу соҳадаги ишларни мунтазамлик асосида олиб бориш имконини бермоқда.
Ёш авлод ўртасида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини оммалаштиришга катта аҳамият берилмоқда. Ушбу йўналишда малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар олиб бориш масалалари ҳам эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Бу борадаги ишларни изчил давом эттирган ҳолда, юртимизда миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари рўйхатлари шакллантирилди, ўзбек курашини ЮНЕСКОнинг этноспорт миллий ўйинлари номоддий маданий мероси рўйхатига киритиш чоралари кўрилмоқда.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу фестивалдаги иштирокингиз учун сиз, азизларга, хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотлар вакилларига самимий миннатдорлик билдираман.
Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан бу фестиваль дунёдаги нуфузли спорт анжуманлари қаторидан муносиб ўрин эгаллайди.
Фестиваль доирасида ўтказиладиган спорт мусобақалари, халқаро турнир, жаҳон чемпионатлари ва конференция ишига муваффақият тилайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти