Беларус Республикаси монополияга қарши тартибга солиш ва савдо вазирлиги томонидан Минск шаҳрида Беларус Республикасида монополияга қарши тартибга солишнинг 30 йиллигига бағишланган халқаро конференциясида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси мутасадди вакиллари иштирок этмоқда.
Конференцияда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг рақобатни ривожлантириш борасида ваколатли органлари вакиллари ва экспертлари, Беларус Республикаси давлат идоралари расмийлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Монополияларни тартибга солиш ва бозор консентратцияси устидан назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Мустафина Виктория Валеревна, Халқаро алоқалар ва Интегратция бошқарма бошлиғи ўринбосари Баҳодир Юсупжанов иштирок этишмоқда.
Жорий йилнинг 6-сентябрида Евросиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕИИ) аъзо давлатларнинг Монополияга қарши органлари раҳбарлари ҳамда Қўмита мутасаддилари “5+1” форматидаги учрашувда иштирок этишди. Учрашув давомида, сўнгги йиллар мобайнида монополияга қарши курашиш соҳасида хусусан, нархларни ва рақобатни тартибга солиш бўйича олиб борилган хорижий тажрибалар ўрганилди.
Ўз навбатида, Қўмита мутасаддилари томонидан ушбу соҳада Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтилди. Шу билан бирга, конференция доирасида Беларус Республикасининг “Товар Хом-ашё Биржаси”га бағишланган тадбир бўлиб ўтди.Ушбу тадбир давомида биржанинг асосий фаолият турлари ва унинг келиб чиқиш тарихи билан танишилди. Бундан ташқари, иштирокчилар унинг фаолияти доирасида амалга оширилган бир қатор илғор тажрибалар билан ўзаро фикр алмашишди.
Эслатиб ўтамиз жорий йилнинг 6-8 сентябр кунлари Беларус Республикаси Минск шаҳрида рақобат ва монополияга қарши курашиш соҳаларига бағишланган халқаро тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.