Жорий йил 21-22 май дам олиш кунларини Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари унумли ўтказдилар. Ҳам зиёрат ҳам саёҳат деганларидай улар гуллар фестивали доирасида Ахсикент ёдгорлигида бўлдилар.
Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, “Бобурнома”да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган.
Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. 1620 йилларга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган.
Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жомеъ масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган.
Мазкур ёдгорлик Наманган вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикент ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортмоқда. Ҳозирга қадар Бельгия, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган. Қадамжони тадқиқ этиш, унинг жозибадорлигини ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида махсус концепция ишлаб чиқилган. Айни кунда шу асосда Фарғона водийсида ички туризмни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.