Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси ҳажмлари ва қўлланилган тарифларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 153-банди иккинчи хат бошисида аҳолига электр энергияси етказиб бериш мақсадида фойдаланувчи идоравий ва муниципиал уй-жой фонди, юридик шахслар ётоқхоналари, диний ташкилотлар ва оилавий корхоналар, шунингдек, электр энергиясидан аҳоли эҳтиёжлари учун фойдаланадиган локал қозонхоналарга маиший истеъмолчиларга белгиланган тариф қўлланилиши кўрсатиб ўтилган.
Ўрганиш давомида «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан аҳолига эхтиёжлари учун иссиқлик энергияси етказиб беришда “Иссиқлик манбаи” ДУКнинг локал қозонхоналари учун етказиб берилган электр энергиясига белгиланган тарифларни ошириб қўллаганлик натижасида жами 82 858,7 минг сўмлик асоссиз даромад олинганлиги аниқланди ва “Иссиқлик манбаи” ДУК фойдасига ҳисобланган мазкур тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва қайтарилиши таъминланди.
Натижада “Иссиқлик манбаи” ДУКнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаати таъминланди. Шунингдек, аҳолига иссиқлик энергияси етказиб беришда таннарх харажатлари яъни, корхонада истеъмол қилинаётган электр энергия сарфи тежаб қолиниши таъминланди.